воскресенье, 29 января 2012 г.

АҚШ элчиси ҳарбий базалар, Афғонистон ва Эрон атрофидаги воқеалар ҳамда кўнгил малҳами хусусида


АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жорж Крол Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиз ҳудудида ҳарбий базалар ташкил этиш нияти йўқлигини уқтирди. Тошкентдаги АҚШ элчихонаси ташкил этган анъанавий Пресс-гапда қилган чиқишида  элчи жаноблари, шунингдек, уруш фақат вайронагарчиликлар келтиришини таъкидлаб, шундай деди: “Давлатимиз Эрон билан вужудга келган вазияти тинч йўл билан ҳал этиш имкониятларини изламоқда. Ўзбекистоннинг Эрон билан яхши қўшничилик муносабатларда бўлганлигини ҳамда юртингизнинг минтақада ўзига хос ўрни ва обрўйи борлигини инобатга олиб, биз дипломат ва экспертларингиз билан ушбу масалада доимий маслаҳатлашиб турибмиз”.    


Ўз чиқиши давомида Жорж Крол мамлакатларимиз ўртасидаги иккитомонлама муносабатларга, минтақавий ҳамда айрим глобал муаммоларга тўхталиб ўтди. Унинг қайд этишича, ўтган йили ўзаро муносабатларимиз юқори суръатларда ривожланиб борди. Галдаги вазифа эса иқтисодий алоқаларимизни ҳам ўзаро манфаатларимизга мос даражада бўлишига эришишдан иборат. Шу ҳақда сўз юритиб, Ж. Крол бу йил дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигига 20 йил тўлишини эслатиб, ушбу сана муносабати билан қатор тадбирлар кўзда тутилганлигини таъкидлади.

“Юртингиз ва минтақа хавфсизлигига бевосита алоқдор муаммолардан бири Афғонистон масаласидир, - деди АҚШ элчиси. – Ушбу мамлакатдан қуролли кучларимизнинг олиб чиқиб кетилишининг оқибатлари хусусида Ўзбекистон ҳукумати, жамоатчилик вакиллари билан мулоқотда бўлиб турибмиз. Чунки Афғонистондаги воқеалар мамлакатингизга бевосита таъсир этиши маълум”. АҚШ ҳарбийлари ушбу юрдан чиқиб кетгандан кейин бу ерда тинчликни сақлаб туриш имкони бўладими, деган савол аксариятни қизиқтираётганлигини уқтиртиб, Жорж Крол ҳозир бу саволга жавоб бериш мушкуллиниги таъкидлади. У Қўшма Штатлари ва иттифоқчилар қўшинлари Афғонистонни тўла тарк этмаса керак, деган фикрда эканлигини билдирди.

Журналистлардан бирининг Тожикистонда барпо этилаётган Роғун ГЭСига АҚШ муносабати ҳақида берган саволга жаноб Крол “биз Жаҳон банки экспертларининг хулосасини кутаяпмиз”, деб жавоб қайтарди.

Ўзбекистон ҳақидаги таасуротлари хусусида сўралганда, элчи жаноблари юртимизга келганлигига энди 6 ой тўлганлиги ва шу қисқа давр ичида бир қатор вилоятларда бўлганлигини, мамлакатимиз тарихи ва маданияти билан имкон қадар танишганлигини таъкидлади. “Айниқса, бу ерда оддий одамлар билан суҳбатлашиш, метрода, автобусда юрганимда улар сўзларини эштитиш, менга завқ бағишлайди. Бу ўзбек тилини тезроқ ўзлаштириб олишимга яхши ёрдам беради” – деди Жорж Крол. Сўзининг охирида “очиқ кўнгилли одамларингиз билан мулоқотда бўлиш кўнглимга малҳамдек таъсир этади”, деб қўшиб қўйди.

Тошпўлат Раҳматуллаев
  

Комментариев нет:

Отправить комментарий