понедельник, 9 июля 2012 г.

Нега 87 ёшли Убайдулла бобо тоққа чиқа олади-ю...


Самарқанддан 50 км жанубда, шундайгина тоғ ёнбағрида жойлашган Омонқўтон қишлоғидаги “Шифо ул-замин” сиҳатгоҳида ёзувчи Нусрат Раҳмат билан дам олаётган эдик. Бир куни саҳарда Нусрат ака “тоғ тепасидан келаётган товушни эшитяпсизми?”, деб  қолди. Мен тасдиқ жавобини бердим. Бу 87 ёшли Убайдулла бобониинг товуши эканлигини айтиб, шеригим “буни қарангки, мўътабар ёшдаги бу отахон молининг  орқасидан шунча баландликка кўтарилган. Ҳар куни шу аҳвол. Биз у кишидан анча ёш бўлсак-да, у ерга чиқиш йўл бўлсин”.

Бизда Убайдулла бобо билан суҳбатлашиш иштиёқи уйғонди. У киши анча тетик ва бардамлигидан ташқари хушчақчақ инсон ҳам экан. “Барлос уруғиданмиз, онам Амир Темур туғилган қишлоқда дунёга келган, –  фахр билан сўз бошлади Убайдулла бобо. – Кампирим билан 12 фарзанд ўстирдик: 9 ўғилу 3 қиз. Улардан саккизтаси олий маълумотли. Самарқандда, Ургутда ҳовли-жой қилиб, ишлаб юрибди”.
Бободан ана шу ёшда тоққа чиқа олишига ишора қилиб, куч-қувватини бундай сақланишида қандай сир борлигини сўрадик. У киши “бунинг ҳеч қандай сир-пири йўқ, кўп қатори ишладим, қўлимдан келганича меҳнат қилдим”, –  деган жавоб қайтарди.
Убайдулла бобо сой бўйида бир гектарга яқин тошлоқ жойни тозалаб, обод қилган. У ерда турли сабзавотлар етиштиради. Бу йил ўзи бош бўлиб, фарзанду неваралари ёрдамида ерга помидор, бодринг, картошка ва бошқа сабзавотлар эккан.
“Буни қарангки, шаҳардаги қулайликлардан, биз тушунган гигиена талабларидан узоқда туриб, деярли 90 ёшгача йигитдек бўлиб юриш қизиқ-да, – дейди ҳайратини яширолмасдан Нусрат ака. – Боз устига, тўлақонли ва вақтида овқатланиш учун доимо ҳам имкон йўқ. Бозор яқин эмаски, югуриб бориб кўнгли истаган мева ё сабзавотни харид қилиб келса. Егани эса қўй гўшити-ю қўй ёғи...”.
Ёзувчи биродаримнинг ушбу фикрлари атрофида мулоҳаза юритиб, қуйидаги хулосага келдик. Демак, мустаҳкам соғлиқни сақлаш учун мунтазам ҳаракат қилиш, фойдали меҳнат билан шуғулланиш ва тоза ҳаво зарур деганларнинг гапи Убайдулла бобо мисолида ўз тасдиқини топиб турибди.
Тоза ҳаво масаласига келсак, дарҳақиқат, бобо яшаётган жойда гап йўқ. Ҳозир-ку шундай, авваллари бундан ҳам зўр бўлган. Инсоннинг экологияга салбий таъсирини бу ерда ҳам кузатиш мумкин. “Илгири қишлоғимизда ёввойи чўчқалар подаси, айиқ, жайра бўларди. Қишда бўрилар далаларимизга ҳужум қилиб, безоримизни чиқарарди. Сой тўла балиқ эди. Ҳозир ҳеч нарса қолмаган”, –  эслайди Убайдулла бобо.
Экология муаммолари бўйича матбуотда чиқишлар қилган Нусрат ака бу гаплардан қаттиқ таъсирланиб, бундай ҳолни бошқа жойларда ҳам учратиш мумкинлигини афсус билан таъкидлади ва қўшимча қилди: “Аммо, нима бўлганда ҳам, бу ернинг об-ҳавоси бошқа жойларникига нисбатан тоза, беғубор, дарахт кўп. Кўнгилни беҳол қилувчи иссиқлик йўқ бу ерда, енгил нафас оласан киши”.
Нусрат ака яна Кавказ халқлари ичида узоқ умр кўрадиганлар кўплигини эслади ва  улар ҳам тоққа чиқиб, ўтин теришини, доимо меҳнат билан шуғулланиб келишини уқтириб ўтди.
Суҳбатимиз охирида шунча болани вояга етказиш, ўқитиб, уйли-жойли қилиш осон бўлмаганлиги, қанча куч-қуввату  маблағ сарф қилиш талаб этилганлиги ҳақида сўз очган эдик, Убайдулла бобо гапни қисқа қилиб, шундай деди: “Одам тўғри сўз бўлиб, бировга ёмонлик қилмаса, бошқанинг молига кўз олайтирмаса, чин дилдан ўз ишини бажарса, омаднинг ўзи оқиб келаверади. Инсоннинг юрагида ғараз бўлмаслиги керак”.
Самимий айтилган бу сўзларга қўшимчанинг ҳожати йўқ.

Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий