суббота, 11 августа 2012 г.

Самарқандда шундай маҳалла бор


Самарқанд шаҳрида Аэропорт маҳалла фуқаролар йиғинининг янги  маркази қуриб битказилди. Унинг замонавий услубдаги биноси вилоятнинг барча маҳаллаларига намуна қилиб кўрсатишга арзигулик даражада кўркам ва бежирим қилиб бунёд этилган.

 1985 йилда ҳашар йўли билан қурилган маҳалланинг эски маркази ҳақида дедектив қисса ёзса бўлади. Марказнинг зал ва бир нечта хонадан иборат биноси бор эди. Аввалги маҳалла оқсоқоли ишдан кетгандан кейин марказ биносини ўғли номига хусусийлаштирганлиги маълум бўлди. Маҳалла аҳли унинг янги сайланган оқсоқоли Исоқжон Саидаҳмедов бошчилигида жамоа мулкини қайтариб олиш учун кўп уринишди. Масала судгача бориб етди.

Исоқ аканинг уқтиришича, негадир суд охиригача одил қарор чиқараолмади. Маҳаллага бир кичик зал ва хона берилди, қолгани собиқ оқсоқолнинг ўғли ихтиёрида қолди. “Маҳалламиз катта. Унда 2353 нафар аҳоли, 529 оила истиқомат қилади, – дейди суҳбатдошим. – Вазифамизни тўлақонли бажариш учун жой етарли эмасди. Яхши ишлаш учун керакли шароит ҳам бўлиши керак-да”.

Маҳалладошлар маслаҳатлашиб, янги марказ барпо этишга қарор қилишди. Ер ажратиш ҳақидаги илтимослари ҳал бўлавермагач, улар ўзларининг Олий мажлисдаги депутатлари Фахриддин Ражабов орқали Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилишди. У ердан вилоят ҳокимлигига масалани ҳал этишга кўмаклашиш хусусида кўрсатма келган бўлса керак. –дейди Саидаҳмедов. – Кўп ўтмай маҳалла маркази учун ер ва уни қуриш учун 160 миллион сўм ажратилди”.

Ўтган йили бошланган қурилиш яқинда тугатилди. Марказ биносида оқсоқол, котиб, маслаҳатчи ва посбон учун алоҳид хоналар, мажлислар зали мавжуд. Шу ернинг ўзида милиция таянч пункти жойлашган. Бирор-бир юмуш билан қабулга келганлар учун кенг хона ажратилган. Хоналар дид билан безатилган.
 
Стол, стул, шкаф каби мебелларни вилоят “Маҳалла” жамғармаси олиб берган. Хоналардаги 7та гилам эса – шаҳар ҳокимлигининг совғаси. Маҳалланинг ўзи эса ички имкониятларини ишга солиб, 1 миллион 350 минг сўмга парда сотиб олди ҳамда маънавий-маърифий ва тарғибот-ташвиқот характеридаги плакатлар учун “Тасвирий ойина” идорасига 1 миллион 700 минг сўм ўтказди. Ана шундай ҳамжиҳатлик оқибатида намунавий маҳалла маркази дунёга келди.   

Маҳалла кўҳна шаҳарнинг ҳаво дарвозаси – “Самарқанд” халқаро аэропорти яқинида жойлашган. Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир меҳмоннинг нигоҳи шундайгина катта йўл бошида жойлашган ушбу янги бинога албатта тушади. Бино баҳона меҳмонга ўзбек маҳалласи ва унинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида гапириб берилади. Анъанаю қадриятларимиз билан хорижликларни таништиришнинг бир имконияти эмасми бу? 

Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий