среда, 5 декабря 2012 г.

Америклик ватандошларимизнинг ўзбекона орзуси


 “Америкача орзу” деган тушунча мавжудлиги ҳақида кўпчилик хабардор. Айниқса, АҚШда яшаётган ўзбекистонликлар учун ушбу тушунча бегона эмас. Улардан айримлари унинг мазмун ва моҳиятини чуқур англамаган тақдирда ҳам америкача орзунинг асосини ташкил этувчи инсонга хос муносиб турмуш тарзи учун интилишаётганлиги сир эмас.

“Америкача орзу: у ҳақиқатми ёки сароб” сарлавҳали мақоламнинг охирида “нима, бошқа  халқларда орзу йўқми, жумладан, ўзбекона орзу борми”, деган саволни ўртага ташлаган эдим. Хўш, кўп асрлик тарихга эга “америкача орзу” даражасидаги “ўзбекона орзу” тушунчаси мавжудми? Бўлса у нима? Бўлмаган тақдирда, янги тушунча шаклида уни қандай ифодалаш мумкин? Ўзбекистонда яшаётганлар билан хорижда истиқомат қилаётган ўзбекларнинг орзуси ўзаро фарқ қиладими?

Ўзбекона орзу нималарда ва қандай шаклда намоён бўлади? 

Албатта, ҳар бир шахснинг, у қайси миллат вакили бўлмасин, дунёнинг қайси бурчагида  яшамасин, ўз орзу-умидлари бўлади. Болалигидан ширин орзулар оғушида яшамаган шахс бўлмаса керак?! Ёши улғайган сари одамнинг орзулари мазмунан ўзгариб бораверади. Эркакнинг орзуси аёлникидан фарқ қилади. Турмушга чиқмаган бўйи етган қиз билан бир-икки фарзандли бўлган унинг тенгдоши орзуларида ҳам фарқ мавжуд. Билим даражаси турлича бўлган, масалан, олий ўқув юртини битирган мутахассис билан иш тополмай юрган ўрта маълумотли кишиларнинг орзуси ҳам бир-биридан фарқ қилиши табиий.

Ўзбекона орзу борми деган савол билан бир қатор дўстларимга мурожаат этган эдим. Таниқли ёзувчи ва журналист Абдуқаюм Йўлдошев бу саволга шундай жавоб қайтарган: “Ўзбекона орзу бор, нега бўлмас экан? Ахир, инсон ҳаётни кўргани сайин орзуларини ислоҳ этиб бораверади. Айтайлик, бугун юртимиздаги миллатдошимиз тинч яшашни, эл қатори тўй-маъракаларни ўтказиб олишни, болалардан тинчиб, хотиржам ҳаёт кечиришни орзу қилар. Бойиб кетиш учун эса дард бор-у, дармон йўқ. Яъни имкониятлар тенглиги етишмайди: беҳуда осмонга сакрашнинг нима ҳожати бор?”.

Ўзбекчилик, борига шукр қилиб, қаноат билан яшаш турмуш тарзимизнинг ажралмас қисмини ташкил этади. Ёзувчи, филология фанлари доктори, профессор Хуршид Дўстмуҳаммаднинг уқтиришича “биз кўпроқ кўрпага қараб оёқ узатиш руҳида тарбия қилинган авлод вакилларимиз. Яъни, орзуниям ўлчаб, ҳаддан ошмай, шукр қилиб, пича-пича деганларидек... Бундай фалсафа бир жиҳатдан тўғри. Чунки орзу билан имконият ўртасидаги мувозанатни ўйлаш хато эмас. Ҳеч қандай имконият бўлмаса-да, бошингизни деворга ураверсангиз нима чиқади? Бошни ёрасиз-қўясиз!”.

Х.Дўстмуҳаммад келтирган қуйидаги характерли мисолга диққатингизни жалб қилмоқчи эдим. Циркда томоша кўриб ўтирибмиз. Ҳаво акробатлари (эркак ва аёллар) баланд шифтда арқонларга осилиб-ирғиб трюклар кўрсатишяпти. Уларнинг ҳаракатларидан юрак орқага тортиб кетади денг. Ҳам қойил қолиб, ҳам юрагимизни ҳовучлаб ўтирибмиз. Бир маҳал ёнимизда ўтирган ёши каттароқ аёл чидай олмади.
 Э, топган ҳунаринг қурсин, кўчада сигарет сотсанг ҳам топасан-ку, шу пулни! — деб баралла ҳайқириб юборди. Ана, сизга ўзбекона орзу!

Юқоридаги иқтибосларга эътибор қилган бўлсангиз, ҳар иккала ижодкор ҳам орзу ва уни амалга ошириш имкониятлари мувозанати ҳақида сўз юритишган. Бошқача қилиб айтганда, орзунинг реаллиги ёхуд хомхаёллиги, яъни хаёлий ҳавас даражасида қолиб кетиши уни ҳаётга тадбиқ этиш имкониятининг мавжудлиги ёки йўқлиги билан чамбарчас боғлиқ. 

Ўзбекона орзу умуммиллий тушунча сифатида шаклланмаганлигининг сабабларидан бири ҳам аксарият учун тасаввурида пайдо бўлган тўқ ва фаровон умргузаронлик қилаётган  инсонга хос ҳаёт тарзига эришиш имконияти бўлмаганлигидадир.

Албатта, бизда ҳар бир шахснинг ўз орзуси бор. Аммо аксарият томонидан қабул қилинган ҳамда маълум мақсад сари интилишга асос бўлувчи “америкача орзу”га ўхшаган атама шаклланган деб бўлмайди. Чунки болалигида ва ўсмирлик йилларида катта орзулар билан яшаган шахс улғайиб борган сари уларни амалга ошириш мумкин эмаслигини англаб боради. Унинг орзуси вақт ўтган сари майдалашиб кетади.

Шўро замонида бунга “ижтимоий тенглик” тушунчасининг нотўғри талқин этилиши сабаб бўлган эди. Кейинги йилларда эса турли қинғир-қийшиқ йўллар билан пул топганларнинг бойиб кетаётганлиги одамларда тўғри ишлаган, ҳалол меҳнат қилган шахс бойлик ҳақидаги ўз орзусига етши қийин, деган хулоса шаклланишига асос бўлди

“Афсуски, айримлар орзуни бузилган шаклда талқин этишади. Бундайлар қандай бўлмасин бойлик орттириш, қўша-қўша автомашиналар сотиб олиш, данғиллама уй солиш, дабдабали тўй қилишни орзу қилиб, уни амалга оширишда ҳеч қандай ишдан, ҳатто қонунбузарликдан ҳам тап тортишмайди”, дейди нафақадаги журналист, кўп йиллар Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясига раислик қилган Миршариф Хўжаев. 

Орзунинг айрим ёшлар томонидан нотўғри талқин этилишини кўрсатувчи бир аниқ мисол келтирмоқчиман. Бу факт матбуотда кўп марта қайд этилган ҳам. Ҳуқуқшунослик факультети талабаларидан орзуингиз нима, ўқишни битириб қаерга ишга бормоқчисизлар  деб сўралганда, уларнинг аксарияти прокуратура ва суд тизимида ишлаш хоҳиши борлигини билдиришган. Адвокат бўлиш иштиёқини фақат саноқли ёшларгина маълум қилишган.  

Америкача орзунинг ўзбекона кўриниши

Юртимизда яшаб турган ва хорижда ишлаб юрган миллатдошларимизнинг орзулари ўртасида маълум тафовут мавжуд. Шу билан бирга, чет элда ишлаётганларни барча соҳада, жумладан, орзу-умид борасида ҳам бир хил деб бўлмайди. 

Бир неча вақт АҚШда юртдошларимиз орасида яшаб, уларнинг таркиби, иқтидори, салоҳияти, билими, маданияти, дунёқараши ва бошқа жиҳатлари бир-биридан тубдан фарқ қилишига амин бўлдим. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки улар орасида профессору доцентлар, ёзувчию шоирлар, тиббиёт ходимларию ўқитувчилар, журналисту санъаткорлар, собиқ прокурору судьялар, ҳокиму корхона раҳбарлари бўлиб ишлаганлар билан бир қаторда ўрта маълумотли турли касб соҳибларию аниқ бир ҳунарни  эгалламаганлар, кечагина коллежу лицейни битирган ҳаёт тажрибаси бўлмаган ёшлар бор.

Ана шундай таркибдаги жамоада орзу ва унга эришиш йўллари бир хил бўлиши мушкул. Аммо бу ердаги муҳожирлар, америкача орзу тушунчасидан хабари борми ё йўқми, бундан қатъий назар,  бойликка, яхши яшашга интилади. Керакли билим ва тажрибага эга, маданияти ва маънавияти юқори бўлган инсонлар ўз олдига аниқ мақсадлар қўйиб, уларни рўёбга чиқаришга қаттиқ киришади. Бу йўлда фақат қонунга таяниб иш кўради. Айниқса,  инглиз тилини яхши ўзлаштирган ва ўқишни давом эттириш учун “сеҳрли диёр”га келган ёшлар юқори малакали мутахассис бўлиб, ўзлари танлаган соҳада ишни давом эттириш учун аниқ мақсад сари интилишмоқда.  

Бошқа бировлар эса “мақсад воситани оқлайди” тамойилига ёпишиб олган ва ҳеч нарсага қарамасдан, қандай йўл билан бўлмасин бойлик орттиришга ҳаракат қилади. Бу йўлда бошқаларни, ҳатто юртдошларини алдашдан, улардан фойдаланишдан ҳазар қилмайди. Энг ёмони шуки, бундайлар қанча меҳнату машаққат билан топган маблағини тезда совуради, уни кўпайтириш ҳақида ўйламайди ёки бунинг йўлларини билмайди. Ҳар иккала ҳолат учун характерли бўлган кўплаб мисоллар келтириришим мумкин. Аммо бир мақола доирасида буни сиғдириш мушкул. Шу сабабли бу ҳақдаги айрим мулоҳазалар  билангина чекланиб қоламан.       

Биринчи ўзбек журнали “Ватан”га асос солган Гулчеҳра Алимова, биринчи ўзбек газетаси “Ватандош”ни очган Фарҳод Султонов, биринчи ўзбек телевидениеси ва радиосини таъсис этган ҳамда “Ўзбегим” журналини ташкил қилган Илҳомжон Кенжабоевлар ўзларининг юксак орзуларини амалган оширишди.

Г.Алимова ва Ф.Султонов журналист бўлишмаса ҳам, эзгу ният билан хайрли ишга қўл уришди. Улар бу билан инглиз тилини билмайдиган юртдошларимизни керакли ахборот билан таъминнлашни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишган эди. Жумладан, “Ватандош” газетасининг дастлабки сонларини тайёрлашда бош муҳаррир ўринбосари сифатида иштирок этганим сабабли  бу соҳада биринчи бўлишнинг машаққатларидан хабардорман.

Ф.Султонов билан суҳбатларимиз ўзаро баҳсу мунозарага айланиб кетарди. У газетага асос соларкан, моддий манфаатдорликдан умидвор эмаслигини, орзуси беғубор эканлигини кўп марта уқтириб ўтган эди. Унинг газетани чоп этиш йўлида ўз маблағидан  анча қисмини сарфлаганлигини биламан.

Бошқа соҳа вакиллари АҚШда матбуот органларига асос солишган бўлса, юртимизда журналист бўлиб ишлаганлар тадбиркорликда маълум ютуқларга эришганликларини таъкидлаш ўринлидир. Самарқандда газеталарга бош муҳаррир бўлиб ишлаган икки касбдошим (улар ўз номларини ошкор этмаслигимни сўрашган эди) Пенсильвания штатида яшайди. Улардан бирининг ёши элликдан ошган. У улгуржи савдо билан шуғулланувчи омборда иш юрутувчи (менежер) вазифасида ишлайди. Сўзларига қараганда, иши яхши, иш берувчи ундан миннатдор.

Унинг АҚШда қолиб кетиш нияти бўлмаса-да, америкаларга хос икки қаватли уйни сотиб олган. “Бу юртда вақтинча яшаётган бўлсам ҳам, оилам учун инсонга хос шароит яратиш ҳамда даромадимга мос ҳаёт кечириш мақсадида ана шу уйни олдим”, деган эди танишим 2011 йил Наврўзини биргаликда нишонлаш учун хонадонига таклиф этганида. Унинг турмуш ўртоғи (у университетда ўқиганида унга дарс берган эдим) ўз уйи бўлиши эрининг орзуси бўлганлигини, у шу орқали фарзандларига аниқ мақсад сари интилиш қандай натижа беришини амалда кўрсатмоқчи эканлигини таъкидлади.  

Иккинчи касбдошим эса қирқ ёшлар атрофида. У бу юртда икки йилча ишлаб маблағ тўплагач, пицца тайёрлайдиган ошхона очди. Бироздан сўнг яна битта пиццахонага асос солди. Ўтган йили эса у ўз ресторанини очишга муваффақ бўлди.

Америкадаги ўзбекистонликлар ушбу мамлакатда ўз савдо дўконларини, ресторанларини, қурилиш ва таъмирлаш фирмаларини, автокорхоналарини очганликлари хусусида ҳам кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Шунингдек, бу ерда ўқишни битриб, банк тизимида, суғурта компанияларида, халқаро ва миллий ташкилотларда, олий ўқув юртларда ҳамда турли бошқа соҳаларда фаолият юргизаётган ёшларимиз оз эмас.

Шу билан бирга, юртдошларимиз орасида ўз кучи ва вақтини беҳуда ўтказаётган, тўғри келган ишни бажариб, топаётган пулини совураётганлар ҳам бор. Масалан, Нью-Йоркда Тошкентда тиш доктори бўлиб ишлаган бир йигитни учратган эдим. У енгил йўл билан катта пул топиш илинжида таклифнома асосида АҚШга бориб, нолегал қолиб кетган экан. Бу йўлда анча маблағидан ажралган йигит тил билмасдан ўз мутахассилиги бўйича ишлай олмасдан, турли юмушларни бажариб, кун кўрарди. У кўп ўтмай орзуси саробга айланганлигига амин бўлди.

“Бизникиларга ҳайронман, топган пулини бир зумда тугатиб, нима қилишини билмасдан юради, дейди АҚШ банкларидан бирининг бўлимини бошқараётган Дурбек. Топганига машина сотиб олади, тўй қилади, уй қуради ва шу билан тамом вассалом. Америкаликлар  эса топган пули билан маълум бир ишни бошлайди. Ундан қўлга киритган  фойдасини сарф қилади”.  Ҳа, суҳбатдошим ҳақ. Бундайлар ўз орзу ва умидларини аниқ тасаввур қилишолмайди.

Юртдошларимиз топганларини нафақат Ўзбекистонга келиб совуришмоқда, балки Америкада ҳам бу ерга хос бўлмаган харажатларга йўл қўйишмоқда. Нью-Йоркда бир тўйда иштирок этган эдим. Италияликлар ресторанида ўтган бу суннат тўйида 350 киши қатнашган эди. Айтишларича, унга тўй соҳиблари 50 минг долларга яқин маблағ сарфлаган. Албатта, нафақат маҳаллий аҳолининг бундай “саховатни” тушуниш қийин, балки ўз меҳнати қадрига етадиган ўзбекларимиз ҳам бундай сарф-харажатлар ўринсиз эканлигини афсус билан таъкидлашган эди.  

Наҳотки шу америкача орзу бўлса? Ёки бу америкача орзунинг ўзбекони кўринишими? Йўқ, бундай дейишга тил бормайди. Бир неча йил бу юртда яшаб, бу ердаги қоидалар асосида фаолият юргизиб, пул топиб, лекин эски қолиплардан чиқолмаслик, эскича фикр юритиш, сийқаси чиққан одатларни тарк этолмасликни қандай баҳолаш, аташ мумкин? Буни на америкача ва на ўзбекона орзу деб айтиш мумкин.

АҚШда яратилган имкониятлардан унумли фойдаланаётганлар, аниқ мақсадларини рўёбга чиқариш йўлида астойдил интилаётганлар ҳамда топган маблағини беҳудага совурмасдан уни кўпайтириш илинжида ҳалол меҳнат қилаётганлар орзусини америкача ёхуд унинг ўзбекона кўриниши десак, тўғри бўлар балки?!

Тошпўлат Раҳматуллаев    



Комментариев нет:

Отправить комментарий