пятница, 26 апреля 2013 г.

Замон ўзгарди. Биз-чи?


Кейинги йигирма йил ичида замон шиддат билан ўзгарди, давр янгиланиб бормоқда. Давлат ва жамият миқёсида мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди. Ижтимоий ва иқтисодий муносабатларда ҳам туб бурилиш ясалди.
Хўш, ана шундай шароитда биз ўзгардикми, жамият янгиланиши бизга қандай таъсир этди?      

Албатта, замон ва инсон, даврнинг шахсга таъсири муаммоси илмий миқёсда, фалсафа нуқтаи назаридан таҳлил этишга лойиқ. Масаланинг бу томонини олимларга қолдириб, биз унга оддийроқ ёндошсак, уни ҳаётий мисолларга таяниб кўриб чиқсак.
Бир қатор танишларимга “Замон ўзгарди. Сиз-чи?” деган савол билан мурожаат этдим. Саволнинг моҳиятига етмасдан бирданига жавоб берганлар қуйидагича фикр билдиришди: “замонга ҳеч нарса бўлгани йўқ, биз, одамлар, ўзгарган, ёмон бўлганмиз”; “замон балки ўзгаргандир, лекин мен қандай бўлсам шундай қолганман, одамнинг ўзгариши осон иш эмас”.
Бир зум ҳам тўхтамасдан ўтиб бораётган вақт доирасида биз яшаётган давр ҳам, ўзимиз ҳам ўзгараётганлигимиз кундек аён.  Бир тузумдан бошқасига ўта бошлаганлигимизга йигирма йилдан ошди. Ҳозирда умуман бошқа шароитда яшаяпмиз. Ижтимоий соҳани қамраб олган бу янгиланишни ҳеч ким инкор этмаса керак. Иқтисодий муносабатларда ҳам туб ўзгаришлар рўй берди. Хусусий тадбиркорликка, шахсий ташаббусга йўл очилди. Кўплаб юртдошларимиз корхонаю савдо шохобчалари очиб, мулкдорлар сафига қўшилишди.
Техника ва технология соҳасидаги янгиликларни ҳам назардан қочирмаслигимиз лозим. Нисбатан қисқа вақт ичида компьютер, интернет ва мобил телефон ҳаётимизниинг бир қисмига айланди. Кундалик юмушимизни енгиллаштиришга хизмат қилувчи турли воситалар яратилди.
Сиёсий соҳадаги ўзгариш эса Ўзбекистонимизнинг жаҳонга юз тутишига олиб келди. Шунинг натижаси ўлароқ фуқароларимиз оламни кўриб, ўз навбатида, ўзини ҳам оламга кўрсатишга муваффақ бўлди.                           Демак, кейинги йигирма йил мабайнида биз туб ўзгаришларни (буни инглизчада “transformation” атамаси орқали баён қилишмоқда) бошдан кечерган даврга ўтдик, бошқа замонда яшаяпмиз десак, хато қилмаган бўламиз. Сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳамда техника соҳасидаги янгиланишлар ҳар бир алоҳида шахсга ва одамларнинг ўзаро муносабатига таъсир этмасдан қолмади.
Деярли ярим аср давомида талабаларга фалсафадан сабоқ бериб келаётган Самарқанд давлат чет тиллар институти профессори Хуршид Самибоев биз билан суҳбатда қуйидагиларни таъкидлади: “Биз айрим шахслар ёки баъзи нарсаларга  нисбатан “замонга мос, ўз даврига мувофиқ” деган сўзларни ишлатамиз. Аввал замон ўзгаради, кейин эса – тафаккур. Муҳитнинг инсонга таъсирини инкор этиб бўлмайди. Замон вазифа қўяди, биз эса унга мос равишда жавоб қайтарамиз. Ҳар ҳолда, шундай бўлиши зарур. Акс ҳолда, биз инсонлар, замондан орқада қолиб кетамиз”.
Тўғри-да, биз бугун эскича қарашлар, эски билим билан, янги кўникмаларни ўзлаштирмасдан шу куннинг талабига мос яшолмаймиз. Масалан, айни пайтда компьютеру инернетни билмаган ўрта ёшлардаги шахс ўзининг бу соҳанинг билимдони бўлган ва боз бунинг устига бирор чет тилини билган тенгдошидан ўзинг қанчалик орқада қолганлигини ҳис этиши аниқ.
Айримлар эркин иқтисодий муносабатлар ва кўп фикрлилик шароитида ўзини йўқотиб қўйди. Барча соҳа режалаштирилган даврда яшаганлиги туфайли баъзилар мустақил равишда ўз ҳаётини ташкил этиш кўникмасини шакллантира олмади. Орамизда янги шароитга мослана олмасдан эски тузимни қўмсаётганлар мавжудлигининг сабабларидан бири ҳам шунда.
Кимдир ўз таниши ҳақида гапириб, у таназзулга юз тутганлигини, қолоқлик ботқоғига кириб қолганлигини афсус билан уқтириб ўтади. Аслида эса таниши қандай бўлса, шундай қолган. Гапирган одамнинг ўзи ўзгарган, ривожланган. Ташқи омиллар асосида бизнинг ҳаётга муносабатимиз, дунёқарашимиз, қадриятларимиз, юриш-туришимиз, таъбимиз ўзгариши мумкин. Ҳамма гап қандай ўзгаришимизда – яхши томонгами ёки ёмон томонга.
Мисол тариқасида юртдошларимизнинг ўқишга бўлган муносабатини олиб кўрайлик. Ўтган асрнинг 90-йилларида ҳамма ўзини савда-сотиққа урган эди. Қозоғистон ва Қирғизистон билан чегараларнинг очиқ бўлганлиги, Хитойнинг шимолий шаҳарларига ҳатто автобусда бориб келиш имкони мавжудлиги, Туркия ва Араб амирликларига тижорат авиарейсларининг очилганлиги кўпчиликни бойишнинг энг осон йўли савдогарлик деган ширин хаёл оғушига ташлади. Кичик бир дўкони борлар ҳам яхшигина даромад қилаётганлигини кўрганлар нари борса мактабни битирса бўлди, бошқа ўқишнинг кераги йўқ деган фикрда эди.
Аммо бу эйфория даври кўпга чўзилмади. Чегарада, ички ва ташқи бозорда тартиб ўрнатилиши ҳамда айрим ўта фойдали маҳсулотлар савдоси кичик гуруҳлар монополиясига айланганидан кейин одамларимиз тафаккурида ўзгариш юз бера бошлади. Савдогарлик нони енгил эмаслиги кўпчиликка аён бўлди. Энди ёшлар юқори малакали мутахассислар бўлиб етишса, кунини кўради деган нуқтаи назар жамиятда устун бўла бошлади. Фарзандлар ўқишига сарфланадиган маблағ капитал кириталадиган энг самарали соҳа эканлигини аксарият тан олди.
Тафаккурда юз берган бу ижобий силжишнинг оқибати барчамизга маълум. Қандай йўл билан бўлса ҳам олий ўқув юртига киришни хоҳловчилар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Чет тилини ўрганиб, хорижга ўқишга бораётганлар ҳам оз эмас. Демак, замон, реал ҳаёт қўйган талабга мос онгимизда, дунёқарашимизда ўзгариш ясалди ва амалий ҳаракатимиз ҳам ўзгарди. 
Мустақиллик йилларида азалий анъаналаримиз, диний қадриятларимизнинг тикланиши йўлида бўлаётган интилиш, демократик тамойилларнинг кириб келиши, айрим юртдошларимизнинг хорижда бўлиб қайтиши аксариятнинг ижобий томонга қараб ривожланишига асос бўлди. Аммо, афсуски, жамиятимизда юз берган шунча янгиланишга қарамасдан, айримларнинг юриш-туришида, ўзгаларга бўлган муносабату муомаласида, кийинишида салбий ҳолатларни кузатиш мумкин. Бундайлар ё замонага мос ўзгармаган ёки кўргану эшитганларидан нотўғри хулоса чиқарган.
Мана, тўй-маъракаларга бўлган муносабатимизни олиб кўрайлик. Замон ўзгарди, ижтимоий табақаланиш юзага келди, бой-бадавлат ва ўртаҳол оилалар билан бир қаторда зўрға рўзғор тебратаётганлари ҳам бор. Тўйини эса ҳамма дабдабали ўтказишга интилади. Пул топиш қанчалик оғир эканлигини била туриб, хориж миллионери бекорга маблағини совурмаслигини кўриб ҳам хулоса чиқармайди. Нью-Йоркда бир ҳамшаҳрим қарийб 50 минг доллар сарфлаб,  ўғлининг суннат тўйини ўтказганлигининг гувоҳи бўлган эдим.
Хорижда яшаб, маҳаллий аҳолининг ҳаёт тарзи билан танишиб, ўзига хулоса чиқармаганлар қанча. Масалан, амарикаликларни олайлик. Биров билан иши йўқ. Ҳеч кимнинг ғийбатини қилмайди. Ким нима деганию нима егани билан, қўшнисининг уйига ким келиб кетгани билан, тўйини неча киши билан ўтказганлиги каби ўзига керакли бўлмаган икир-чикирлар билан умуман иши йўқ. Бундай беҳуда гап-сўзларга вақтию асабини сарфламайди. Бизникилар эса чет элда яшаб ҳам бу нуқсонлардан холи бўла олишмаяпти.
Замон ва давр руҳи айниқса кийиниш маданитига тез таъсир қилади. Айнан кийим-кечакка нисбатан биз “замонага мос” ёки “замона зайли” деган ибораларни ишлатамиз. Ҳозирга келиб тошкентлик қизларнинг ёзда киядиган кийими Ғарб қизлариникидан фарқ қилмай қолди. Ёки Америка ресторанларига тўйга борганимда айрим аёлларимизнинг кийинишидаги очиқликни кўриб, ҳайрон бўлган эдим. Самарқандга келганда ўша аёллар умуман бошқача кийинишади. Ёзнинг жазирамасида синтетик материаллардан тикилган “ялтар-йултур” кўйлакларда ўзларини кўз-кўз қилишади.
Яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин, албатта. Келинг, хулоса ясайлик. Давр ўтиши билан одамнинг ўзгаришини табиий ҳол сифатида қабул қилиш лозим. Ўз ҳаёти давомида шахснинг тажрибаси ортиб боради ва бу унинг дунёқарашини ўзгартиради. Бу табиий жараён. Энг ёмони – одамнинг қандай бўлса шундай қолиши. Замон ўзгариб борсаю одам ўзгармаса, бу ўша одамнинг фикр доираси чекланганлигидан, фикри ноқислигидан далолатдир.  

  Тошпўлат Раҳматуллаев


Комментариев нет:

Отправить комментарий