четверг, 27 июня 2013 г.

Амалдор учун ким ҳақиқий журналист?


 27 июн – матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳамизга доир айрим фикрларимни ўртага ташламоқчи эдим.

Дастлаб байрамнинг номланиши ҳақида. Нега “матбуот ва оммавий ахборот воситалари” дейилади? Ахир, матбуот оммавий ахборот воситаларига кирмайдими? Нима учун уни алоҳида ажратиш керак? Байрамни матбаа ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни деб атасак тўғрироқ бўлар? Менимча, байрамни қандай аташ ҳақидаги масала муҳокама қилинаётган пайтда кимнингдир айби билан “матбаа” ўрнига “матбуот” ёзилган ва шу бўйича қолиб кетган.

“Журналист”, “бош муҳаррир” каби тушунчаларнинг қадри кейинги йилларда тушиб кетаётгандай назаримда. Етарли  билим ҳамда ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган ва 3-4та лавҳаси газетага чиққан йигит-қизларимизнинг ўзини журналист деб аташи аввалида ғалати туюларди. Ёки кўнгилочар нашрга интернетдан олган материалларини таржима қилиб бераётган биродаримизнинг ўзини ушбу касб эгалари қаторига қўшиб келаётганлигига ҳам ўрганиб қолдик. Фақат сканворддан иборат нашрини газета, ўзини бош муҳаррир деб атаб келаётганларга нима дейсиз?

Бундай аҳволни кўриб келаётганлар, фақат “сариқ матбуот”ни газета сифатида билганлар учун журналист шахси ҳам, журналистиканинг касб сифатидаги мезонлари ҳам, матбуотнинг жамиятдаги ўрни ва вазифалари ҳам ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.  Булардан ҳам ёмони амалдорлар, ўз хизмат вазифаси бўйича журналистика жонкуярлари, унинг равнақи йўлида жонбозлик кўрсатиши керак бўлганларнинг бефарқлигидир.

Бизнинг амалдор журналистика мезонини ўзича тушунади. Мақтаган, мадҳ этган журналист “яхши”,  бор камачиликларни рўй-рост кўрсатадиган - “ёмон”. Амалдорлар шу даражага етдики, ҳатто давлат раҳбарининг кўрстмаларини бажаришмайди. Мана, бир мисол. Ўтган йили Президент И.Каримов касб байрами муносабати билан ОАВ ходимларига юборган табригида  “ҳар чорак якуни бўйича оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган энг долзарб, энг ўткир материалларни алоҳида қайд этиб, баҳолаб, бу ҳақда матбуотда хабар бериб бориш” хусусида фикр билдирган эди. Қани ўша ўткир материалларга эътибор? Ким ва қачон уларнинг мониторингини ўтказди? Ҳар ҳолда Самарқандда бу иш бажарилганлигидан бехабарман.

Аксинча, каминага ўхшаган атрофимизда бўлаётган яхши ишларни ҳам, ёмонларини ҳам баҳоли қудрат ёритиб келаётганларни Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг вилоят бўлими,  шаҳар ва вилоят ҳокимликларининг матбуот хизматлари “сезмайди”, бундайлар гўё йўқдек. Мисол тариқасида ўзимга бўлган муносабат ҳақида гапирмоқчиман.

Танқидий чиқишларим амалдорларнинг жонига текканлиги боис мени расмий матбуот анжуманларига таклиф қилишмайди. Айрим тадбирларда қатнашган бўлсам, улар хусусида қандайдир бошқа йўл билан хабар топганман. Шундай экан, тадбирларда қатнашмай, ижобий характердаги хабарлар ёзмаганлигимга амалдорларнинг ўзлари айбдор.

Аммо масаланинг бошқа томони ҳам мавжуд. Ҳаёт ранг-баранг. Унда яхшилик ва ёмонлик, ҳалоллик ва нопоклик, садоқат ва хиёнат, дўстлик ва душманлик ҳар вақт ёнма-ён юрган. Ҳозир ҳам деярли ҳеч нарса ўзгарган эмас. Шундай экан, ҳаётни фақат яхши ёки фақат ёмон томонини ёритишга интилиш тўғри эмас. Бундай қилиш нохолислик бўлади.

Шу билан бирга, камчиликларни рўй-рост тилга олиш уларни бартараф этиш учун асосдир. Шу нуқтаи назардан холисона, аниқ далилларга таяниб танқид қилганларни таъқиб этиб, уларни душманликка айблаганларнинг ўзлари тараққиёт душманларидир. Фақат мадҳ этишнинг аянчли ва хунук оқибатлари ҳақида бу кўҳна тарихдан кўплаб мисоллар келтирса бўлади. Мавлоно Жалолиддин Румий мадҳ этишни энг катта таъма деганида, қанчалик ҳақ эди!

Шу сабабли амалдорлар, айниқса, журналистлар ташкилоти ва ушбу соҳа вакиллари билан ишловчи раҳбарлар ОАВнинг ўрни ва вазифасини тўғри англаган ҳолда ўз ишларига ёндошсалар, жамият ривожига ҳисса қўшган бўлишарди.

Тошпўлат Раҳматуллаев
       

Комментариев нет:

Отправить комментарий