понедельник, 7 октября 2013 г.

Самарқандда газ назоратчилари ҳар бир маҳалланинг ўзидан тайинланмоқда

Самарқандда анча вақтдан бери кутилаётган тажриба амалда қўлланила бошланди. Шаҳар газ идорасининг маҳаллалардаги назоратчилари ўша маҳалла вакиллари орасидан тайинланадиган бўлди. Ушбу мақсадда маҳалла фуқаролир йиғинлари тавсияси билан бир қатор маҳаллалардан танлаб олинган фуқаролар икки ҳафталик ўқишни тугатиб, шу  кунларда тажрибали назоратчилар ҳамроҳлигида амалиётни ўташмоқда. Ҳа демай улар мустақил равишда ишга киришади.

Боғимайдон-2 маҳалласи фуқаролари Равшанқул Восеев ва Зулайхо Воҳидовалар ҳам газ идораси назоратчиси касбини эгаллаш учун астойдил ҳаракат қилишмоқда. “Биринчи куни машғулотлар бошлашидан олдин бизни шаҳар ҳокимлигининг мажлислар залига таклиф қилишди, – дейди Р.Восеев. – Шаҳримизнинг турли маҳаллаларидан 20 нафардан кўпроқ одам йиғилган эди. Учрашувда шаҳар ҳокими Акбар Шукуров сўзга чиқиб, бундан кейин газ, сув, электр энергияси таъминоти идораларининг назоратчилари ҳар бир маҳалланинг ўзидан бўлишига ҳаракат қилинишини ҳамда бунга коммунал тўловлар тизимида кузатилаётган камчилик ва тушунмовчиликларнинг тугатиш йўлларидан бири сифатида қаралаётганлигини уқтирди”.  

Бўлажак назоратчиларга техника хавфсизлиги, газ ҳисоблагичи бўлган ва бўлмаган хонадонларда фойдаланилган табиий газ учун ҳисоб-китоб қандай амалага оширилиши каби муҳим йўналишлар бўйича сабоқ берилди. Айни кунларда улар маҳаллаларда назоратчилар билан бирга амалиётни ўтаб, мустақил иш фаолияти давомида керак бўладиган кўникмаларни эгаллашмоқда.

“Самарқандшаҳаргаз” корхонасига бундан бир ойча олдин раҳбарликка тайинланган Ҳусан Усмонов биз билан суҳбатда қуйидагилани уқтирди: “Янги раҳбар сифатида олдимда аҳолини табиий газ билан таъминлаш ишини яхшилаш, истеъмолчилардан  фойдаланилган газ учун тўловларни ундиришни ўз вақтида амалга оширишга эришиш ва, умуман, тизимда тартиб-интизом бўлишини таъминлаш каби вазифалар турибди. Шаҳар  ҳокимлиги назоратчиларни ҳар бир маҳалланинг ўзидан тайинлаш ишига кўрсатилган вазифаларни бажариш йўлларидан бири сифатида қарамоқда”.

Раҳбарнинг уқтиришича, яқин кунларда тегишли тайёргарликдан ўтган 25 нафар янги ходим ишга қабул қилинади. Шу йўл билан корхона ўз ишига совуққонлик билан қараб келаётган, истеъмолчилар билан ишлаш маданиятини етарлича ўзлаштира олмаган ходимлардан халос бўлади.

“Самарқандшаҳаргаз” корхонаси ёшларни ишга жалб қилиш орқали назоратчилар сафини янгилашни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Кадрлар бўлими бошлиғи Гулноза Абдужалилова шу йили коллеж битирувчиларидан 6 нафари ходимлар сафига келиб қўшилганлигини ва келажакда ҳам бу йўналишда иш олиб борилишини таъкидлади.

Самарқандликлар газ тизимидаги янгиликлар пировард натижада газ таъминотини тубдан яхшилашига умид боғлашмоқда.

Тошпўлат Раҳматуллаев
Манба: www.mezon.uz/uz

Комментариев нет:

Отправить комментарий