пятница, 13 декабря 2013 г.

Соғлиқ – миллат бойлиги!

“Соғлигимиз – бойлигимиз”, “соғлигимиз ўз қўлимизда” деймиз-у, аммо аксариятимиз саломатлигимизни сақлаш учун деярли ҳеч нарса қилмаймиз.

 “Иш қобилиятини, соғлигини, тўлақонли ҳамда  қувончли ҳаётини сақлашни истаган ҳар бир кишининг кундалик турмушидан гимнастика, жисмоний машқлар ва юриш мустаҳкам ўрин олмоғи лозим”, – деган экан Гиппократ. Бу сўзлар, айниқса, ҳозирги кунга келиб  долзарблик касб этганлигини таъкидлаш жоиз. Бир томондан, иммун тизимимиз ҳимояси даражаси сусайганлиги, бошқа томондан, дори-дармонлар нархининг ошиб кетганлиги ҳар бир шахснинг ўз саломатлиги ҳақида қайғуришини, соғлигини тиклаш ва касалликка чалинмаслик учун интилишини тақозо қилмоқда. 

Ўз соғлигига бепарво бўлган одамни ўзига нисбатан жиноят содир этган киши билан тенглаштириш мумкин. Аслида, ҳар бир шахснинг соғлиги фақат унинг бойлиги бўлиб қолмасдан, миллатнинг, бутун давлатнинг бойлиги, мулки десак, хато қилмаган бўламиз. Чунки ҳар томонлама соғлом бўлган миллатгина қудратли бўла олади. Фуқаролари соғлом мамлакатгина фан, техника, иқтисодиёт, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритиши мумкин.

Буни яхши англаган ҳолда бутун дунёда тиббиёт тизимини ривожлантириш учун катта эътибор қаратилмоқда. Шу туфайли соҳа ходимлари сони ортмоқда, касалхоналар ва ҳар хил даволаш муассасалари кўпаймоқда, янгидан-янги дори-дармонлар ишлаб чиқарилмоқда, замонавий техника ва технология тиббиётга кенг жорий этилмоқда.

Дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, амалга оширилаётган ишлар, сарф қилинаётган маблағлар натижасида касалликлар сони ва турли хастликларга чалинаётганлар камайгани йўқ. Шу сабабли ўз соғлигига давлат, врачлар ва умуман соғлиқни сақлаш тизими масъул деб ўйлаётганлар хато қилаётганлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

“Соғлигимиз ўз қўлимизда” деган сўзларга шунчалик ўрганиб кетганмизки, уларга ҳатто эътибор ҳам қилмаймиз. Уларнинг мағзини чақмаймиз. Аслида кўп асрлик тажриба асосида вужудга келган ушбу ҳикматга таяниб иш юритганимизда, хасталик ҳеч биримизга яқинлашмасди. Бунга амин бўлиш учун кўп нарса керак эмас. Фақат соғлом бўлиш учун интилиб, ҳар биримиз ўз кучимизга, ўз иқтидоримизга ишонсак бўлгани. Айнан ушбу йўналишда ҳаракат  қилиб, соғлигимиз ўз қўлимизда эканлигини ўзимизга, атрофимиздагиларга исботлашимиз мумкин.

“Бизда ҳозиргача айримлар соғлигига эътиборсизлигини оқлаш учун нотўғри бир фикрга ёпишиб олган. Уларча одамнинг ёши ўтиб борган сари турли хасталикларга чалиниши табиий ҳол эмиш, –  дейди травматолог-ортопед, тиббиёт фанлари номзоди Шавкат Тўрақулов. – Бу фикрга қўшилиб бўлмайди. Масалан, умуртқа поғонасининг касалликлари, букчайиб юриш қарилик аломати  деб ўйлаганлар катта хато қилади. Қарилик бу – касаллик дегани эмас”. Мутахассиснинг уқтиришича, ҳар қандай хасталик соғлом турмуш тарзига эътиборсизлик оқибати, турли хил кундалик юмушлару пул топиш илинжидаги югур-югурлар саломатликдан устун қўйилганлиги натижасидир. Вақт ўтиши билан топган пулимизга саломатликни сотиб олиб бўлмаслигига амин бўламиз. Лекин бу вақтга келиб, кеч бўлганини ҳис этамиз.

Аслида Оллоҳ берган соғлиқнинг қадрига етиб, уни сақлаш ва янада мустаҳкамлаш ўрнига турли бўлмағур одатларимиз билан хасталиклар орттириб оламиз. Бундан ҳам ёмони,  бепарволигимиз оқибатида касалликка учраб, вақтида муолажа қилмасдан, тангадай яранинг товоқдай бўлишига йўл қўямиз.

Кундалик ҳаётимизда соғлом турмуш тарзига риоя қилишимиз зарурлиги хусусида гап кетганда, аксарият бу қандайдир мавҳум, бажарилиши оғир бўлган талаблар деган хаёлга боришади.  Соғлом турмуш тарзининг икки асосий йўналишини тўғри овқатланиш ва мунтазам равишда жисмоний машқларни бажариб бориш ташкил этади. Улар хусусида алоҳида-алоҳида мақолалар ёзиш ниятим бор. Ҳозир эса саломатлигимизга салбий таъсир этаётган бошқа бир камчилик – бепарволигимиз хусусида сўз юритмоқчи эдим.

Афсуски, касалликка чалингандан кейин ҳам барча зудлик билан тиббиёт ходимларига  мурожаат этади деб бўлмайди. Врачга борган тақдирда ҳам айримлар унинг кўрсатмаларини ё бажармайди ёки чала-чулпа бажариб, кундалик юмушлари орқасидан юраверади. Натижада қимматли вақт йўқотилади ва хасталик чуқур томир отиб кетиши туфайли уни даволаш муддати чўзилади, кўп куч ва маблағ сарфлашга тўғри келади ёки беморга ёрдам беришнинг умуман иложи бўлмай қолади. Келинг, далилларга мурожаат этайлик.

Қуйидаги ҳаётий фактларни умуртқа поғонаси хасталикларини даволаётган шифокор Ш.Тўрақулов гапириб берди. Вилоят туманларидан бирида яшовчи Марҳабо исмли аёл  умуртқалараро диск чурраси оғриғидан букчайиб қолган. Ёши 42да, касби ҳамшира. Оғриқ бундан 6 йил олдин бошланган. Иссиқлик тутиб, турли малҳамлардан суртиб юраверган. Вақт ўтиши билан оғриққа ўрганиб қолган. Шу йилнинг сентябрь ойида оғриқ кучайганда ҳам мутахассисга мурожаат этмаган. Ҳамшира эмасми, шуни ўзи кифоя деб укол қилдирган. Ишини давом эттирган, пахта теримига ҳашарга чиққан. Фақат декабр ойининг бошларида оғриқ ҳаддан ошгандан кейин чидай олмасдан шифокор ҳузарига келган.    

Самарқанд шаҳридан Темур исмли 26 ёшли савдо ходими. Бир йил олдин белида оғриқ сезган. Оғир юк кўтармасдан юрган пайтида оғриқ сустлашган. Даволашни хаёлига келтирмаган. Ўзининг айтишича, духтурга боришга вақти бўлмаган. Фақат яқинда оғриқ зўрайгач, унга чидамасдан врач ҳузурига келган. Томография умуртқалараро диск чуррасини аниқлаган.

Ш.Тўрақуловнинг таъкидлашича, бундай мисоллар жуда кўп. Ўз вақтида даволанмаслик биринчи навбатда беморнинг ўзига зарар. Унинг кўп вақти ва маблағи кетишидан ташқари касалликдан қутулиши оғир кечади ҳамда хасталик узоқ муддатга асорат қолдириши мумкин. “Аслида ҳар қандай оғриқ бу танамизнинг қандайдир муаммо бошланаётганлигидан бизга бераётган хабари саналади, – дейди суҳбатдошим. – Кўпчилик тананинг қайси бир қисмида оғриқ бошланиши билан ундан қутулиш йўлини қидиради. Аслида муаммони ахтариб топиб, уни бартараф этиш лозим. Шунда хасталикни бошланиш нуқтасида тўхтатиш мумкин бўлади”.  
Юқоридида айтилганлардан хулоса шуки, соғлом бўлиш учун ҳар бир шахс ўзида соғлом турмуш тарзига эҳтиёж сезиши ва саломатлиги учун масъул эканлигини чуқур англаши лозим. “Соғайиш шартларидан бири соғайиш хоҳишидир, – деган экан Сенека.
Тошпўлат Раҳматуллаев


Комментариев нет:

Отправить комментарий