среда, 28 мая 2014 г.

Тут сайли

Ёзувчи Нусрат Раҳмат тут сайлига таклиф этганда, бунақаси йўқ эди-ку деб, аввалига ҳайрон бўлган эдим.

Самарқанд туманининг Равонак қишлоғида истиқомат қилувчи Нусрат ака бизни  тутхўрлик баҳонасида бир пиёла чойга таклиф этдилар. Таклиф ҳам ўзига хос тарзда бўлди: “Қовун сайли бор, гул сайли бор,  биз тут сайлини ташкил этсак, нимаси ёмон. Ҳозир айни пайти. Келин билан келинг, бошқаларга ҳам жуфт бўлиб келишларини уқтирдим. Аёлларимиз ҳам бир очилиб-сочилиб ўтирсин-да”.



Каминадан ташқари Нусрат ака хонадонига журналист Миршариф Хўжаев ва шоир Зиёдулла Нурматов ҳам умр йўлдошлари билан келишди. Нусрат акамизнинг жуфти ҳалоллари кўп йиллар мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган, жуда меҳрубон ва меҳмондўст аёл. Бизни ўрнимиздан туришга ҳам қўймай, ўзлари акамиз билан тут қоқиш ва тайёр мевани дастурхонга тортишни тўла зиммаларига олдилар.

Ширин тут меваси атрофида ширин, дилтортар суҳбат анча давом этди. Ижод, шеърият, ҳозирги журналистикамизнинг аҳволи атрофида анча фикр юритдик. Суҳбатимизни ҳар замонда Нусрат акамизнинг ҳеч кимда бўлмаган кучли кулгулари бўлиб турарди.

“Еган тутларинг энди ҳазм бўлиши керак. Туринглар ман сизларга меҳнатим самарасини кўрсатаман”, - деб мезбон бизни мўъжазгина иссиқхоналари томон бошладилар. Иссиқхонада бодринг гуллаб, ҳосил солган экан. Биринчи бўлиб Миршариф ака синовчи- дегустатор сифатида янги ҳосилни таъмини кўришга киришдилар. У кишининг “жуда зўр” деганларидан кейин биз ҳам биттадан бодринг уздик. Янги узилган сабзавотнинг таъму ҳиди одамни маст қилгудек эди! Ана маззаю, мана мазза! Нусрат акага таҳсинлар айтиб, иссиқхонадан чиқдик.

Тут сайли ажойиб ўтди. Тут мавсуми қисқагина давр. Ўтиб кетмасин. Табиатнинг бу ажойиб неъматидан тўйиб истеъмол қилишни ёддан чиқарманг!

Тошпўлат Раҳматуллаев



Комментариев нет:

Отправить комментарий