пятница, 30 мая 2014 г.

Самарқанд вилоятининг энг намунали маҳалла маслаҳатчиси аниқланди

Самарқандда “Энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг апрель-май ойларида вилоятнинг туман ва шаҳарларида  кўрик-танловининг дастлабки босқичи ўтказилган эди. Унниг ғолиблари вилоят миқёсида энг намунали маслаҳатчини аниқлаш мақсадида ўзаро куч синашиш учун тўпландилар.
 
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви бош мутахассиси Фароғат Шокированинг уқтиришича, вилоятда 1105 нафар диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи фаолият юритмоқда. Ушбу лавозимга катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган, ижобий миллий ва диний анъаналарни ҳамда урф-одатларни аҳоли турмуш тарзига кенг жорий этишга ибрат намуналари кўрсата оладиган обрўли ва фаол хотин-қизлар тайинланган.


“Энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи” кўрик-танловини ўтказишдан мақсад, – дейди Ф.Шокирова, – ўз зиммасидаги ўта масъулиятли вазифаларни маслаҳатчилар қай даражада амалга ошираётганлигини ўрганиш, ўз ишини сидқидилдан бажараётганларни рағбатлантириш ва муносиб тақдирлаш ҳамда уларнинг иш тажрибасини оммалаштиришдан иборат”.
 
Кўрик-танлов ўтиши жараёнини кузатиб, уни ташкил этишга катта куч ва кўп вақт сарфланганлигини англаш қийин эмасди. Барча ишлар, ҳамма ҳаракатлар олдиндан белгилаб олинган эди. Иштирокчиларнинг кийимидан тортиб, уларнинг саҳнага қандай ва қайси тартибда чиқиши – ҳаммаси яхшилаб ўйлаб қўйилган эди. Томошага ташриф буюрганлар танлов бошланишидан аввал концерт залига кираверишда иштирокчилар томонидан ташкил этилган кўргазмадан завқ олиш имконига эга бўлишди.

Танлов бошланишидан аввал диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи  лавозими жорий этилган 2004 йилдадан шу кунгача, яъни 10 йил давомида ушбу лавомизда ишлаб келаётган маслаҳатчилардан 16 нафар энг фаолига Ўзбекистон Республикаси “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совға тақдим этилди
.
Танлов иштирокчилари маслаҳатчиларнинг иш фаолиятига оид 7 йўналиш бўйича тақдимот ишларини ҳакамлар ҳайъатига намойиш этдилар ҳамда ўз фаолиятининг турли қирраларига оид саволларга жавоб қайтардилар.

Кўрик-танлов якунига кўра Самарқанд шаҳар Даҳбедий маҳалласи вакили Сурайё Қурбонова биринчи ўринни, Ургут тумани Раҳмат бобо маҳалласидан Қурсия Нормаматова иккинчи ва Қўшработ туман  Шаво маҳалласи маслаҳатчиси Жанглиш Абдумўминова учинчи ўринни эгаллади. Ғолиблар танлов ташкилотчиларининг дипломи ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқарувининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаган С.Қурбонова танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.  

Тошпўлат Раҳматуллаев


Комментариев нет:

Отправить комментарий