четверг, 21 августа 2014 г.

Бутун бир ўзбек халқини бадном қилиш билан жамиятни янгилаб бўладими?

“Бирлик”чи  А. Пўлатов дедиёларига:  Иккинчи мақола

Ҳар бир шахснинг қўрқмасдан ўз ҳақ-ҳуқуқи ҳимояси йўлида очиқ курашиши учун, фикри ожизимча, жамиятда уч нарса бўлиши лозим. Булар – қонун устуворлигининг амалда мавжудлиги; эркин ва одил суд тизими; кучли фуқаролик жамияти.   

Биров билан яқинда танишиб, унинг қилган ва қилаётган ишларидан бехабар бўлган ҳолда унга “сен жамият учун фойдали иш қилмасдан, умрингни беҳуда ўтказяпсан” деб телбаларча унга ташланиш руҳан соғлом одамнинг иши эмас-ку! Фақатгина Фейсбукдаги саҳифам билан танишиб, мен ҳақимда хулоса чиқарган “пешво”га нима ҳам дейиш мумкин?  

Қуйида ёзганлиримни А.Пўлатовдек бир шахс олдида ўзимни оқлаш деб тушунмасликларингни истардим. Каминани кўп йиллардан бери биладиганлар учун менинг кимлигим ва жамиятга, атрофдагиларимга қанчалик фойдам ёки зарарим тегаётганлиги  яхши маълум. Аммо интернет орқали мени яқинда таниб олганлар ҳам бор. Улар блогимдаги материаллар, ундаги “Ўзим ҳақимда” бўлимини ўқиб ҳамда n.ziyouz.com сайтида жойлаштирилган китобларим билан танишишлари мукин. Аслида, ҳозирги кунда  биров ҳақида маълумот тўплашнинг унча қийин жойи йўқ.

Масалан, А.Пўлатовнинг саҳифамда ёзган ўринсиз фикрлари билан танишгач, қани бир кўрай қани бу одамнинг ўзи нима каромат кўрсатган экан деб, Google қидирув тизимига киридим ва унинг исму фамилисини ёздим. Тизимда у ҳақда 4630та маълумот борлигига гувоҳ бўлдим. Уларнинг айримлари билан танишиб, шунга амин бўлдимки, уларнинг аксарияти бизнинг “қаҳрамонимиз”нинг ҳақоратларидан ёки унга нисбатан ишлатилган ҳақоратли сўзлардан иборат хабару мақолалар экан. А.Пўлатовнинг Ватанимиз, халқимиз равнақи йўлида қилган бирор бир аниқ иши хусусида маълумот тополмадим.

Балки бу одам сиёсатга аралашмасдан ўз соҳаси – кибирнетика билан шуғулланишни давом эттирганида кўпроқ фойдаси теккан бўлармиди?! Шу муносабат билан сайтлардан бирадаги қуйидаги сарлавҳа диққатимни тортди: “Абдурахим Пулатов - Забытый кибернетик, доктор наук, несостоявшийся политик”. Дарҳақиқат, уни олим сифатида ҳеч ким эсламайди, сиёсатчи бўлиб эса шаклланмади. Эсиз, зое кетгкн умр, эсиз одамизод...

Шундан сўнг қани Google қидирувида ўзим ҳақимда нима бор экан деб исм ва фамилиямни ёздим. “Тошпулат Рахматуллаев” ёзганимда 2030та, номимнинг битта ҳарфини ўзгартириб, “Ташпулат Рахматуллаев” ёзган эдим 6910та маълумот топилди. Демак, А.Пўлатов озгина ақлу фаросатини ишга солса, бемалол камина ҳақимда озми, кўпми маълумотга эга бўларди.  

А.Пўлатов йўлидан бормаган 30 миллионли Ўзбекистон халқини ҳақоратлашга унинг қандай ҳаққи бор? Ҳамма ҳам сиёсат билан шуғуллана олмайди. Бутун бир мамлакатнинг аҳолиси homo politikus бўлолмаслиги аниқ. Ҳатто ўша ривожланган мамлакатлар аҳолиси орасида ҳам сиёсатдан узоқ бўлганлар қанча! Албатта, ҳар бир киши ўз ҳақ-ҳуқуқини билиши ва ўзини керакли пайтда қонун асосида ҳимоя қила олиши керак. Мамлакатимиздаги кейинги йиллардаги реалликка асосланиб, шуни таъкидлаш жоизки, бунга анча вақт керакка ўхшайди. Асрлар давомида нафақат мансабдорларга, балки ўзидан ёши катта бўлганларга таъзим қилиб,  “хўп, бажарамиз” деб келганларни ўз ҳуқуқларини чуқур англаб, шунга қараб иш тутишига эришиши мушкул вазифага ўхшайди.

А.Пўлатов кўтарган яна бир масала – зиёлиларимизнинг бефарқлигига келсак, аҳолининг ушбу кенг қатламига нисбатан у ишлатган сўзларнинг ўта бемаънилигини уқтирган ҳолда қуйидагиларга эътиборингизни қаратмоқчи эди.

Ўзи кўпдан бери “Бизда зиёли борми?” ёки “Биз кимни интеллигент деб аташимиз мумкин?” деган каттароқ бир нарса ёзсам деган эдим. Ўзининг, оиласининг ташвишида рўзгузаронлик қилаётган оддий кишиларимизни қўйиб турайлик. Олий маълумотли, илмий унвон соҳиби, давраларда ҳеч кимга гап бермайдиган сўзга чечанлар бошига оддийгина бир иш тушганда қонундан бехабарлигини намойиш этиб, ҳатто истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқини ҳимоя қила олмаётганлигига нима дейсиз?  

Профессор, доцент, врач, ўқитувчи ва ўзини интеллигенция қатламига мансуб деб ҳисоблайдиган бошқа юртдошларимиз уйига кечагина коллежни битирган газ идораси назоратчиси кириб келса, ўзини йўқотиб қўяди. Нега? Нега бозорда, савдо дўконида, жамоа транспортида, духтурхонаю шифохоналарда, турли давлат идоралирида ўзини енгилгина алдашларига, демакки, усдидан кулишларига имкон беради? Нега???

Кўпчилик, жумладан, хорижда юрганлар ҳам ушбу “негалар”га жавобан зиёлилар бошқалар каби қўрқади-да, дейишлари мумкин. Масалан, маҳалла оқсоқолларини олайлик.  Самарқанд шаҳрида 220 нафар маҳалла оқсоқоли бор. Уларнинг аксарияти олий маълумотли ва  нафақа ёшидагилар. Ўғиллари қатори бўлган ҳокимнинг собиқ ўринбосари уларнин йиғилишларда ўринларидан турғизиб, 1-2 соат оёққа тикка туришга мажбур этганда ҳам жим, бошни эгиб туришганини ўзларидан эшитганман. Улар “газетага обуна қилиш, металл парчаларини топшириш, аҳолининг коммунал тўловлари режасини бажариш, ҳарбий комиссариатнинг чақирув қоғозларини уйма-уй тарқатиш каби ишлар бизнинг вазифамиз эмас. Бу юмушларнинг орқасидан югуриб, зиммамизга қонун билан юклатилган вазифаларимизни бажаролмаяпиз”, деб эътироз билдиришдан қўрқишмоқда.

Бунинг устига, Самарқанд шаҳар Маҳалла хайри жамоат фонди бошқарув раиси                                                     Ўктам Аслиддинов маҳалла ўзини-ўзи бошқарув органи эканлигини эсдан чиқарганга ўхшайди. Ҳокимлик томонидан маҳалла оқсоқолларига улар амалга ошириши керак бўлмаган вазифалар топширилганда, уларнинг ҳимоясига турмайди. Менимча, шўро замонида кўп йиллар “Госконтороль” деган ташкилотни бошқарган бу амалдор ўзини ҳокимлик ходими деб ҳисоблайди.  
  

Хўш бизнинг шароитда ҳокимдан қўрқиш мумкин, мелисадан қўрқиши мумкиндир. Лекин... Мана бир мисол. Маҳалламиз ҳудудида жойлашган умумтаълим мактаб ўқитувчиларидан бири шаҳар газ идорасидан келган қарздорлар рўйхати билан мени таништириб, ушбу муаммони ечишда ёрдам сўради. Рўйхатда 30 нафар ўқитувчининг табиий газдан фойдаланганлиги учун 48 миллион сўм қарзи борлиги кўрсатилган эди.

Рўйхатни олиб шаҳар газ идорасига бордим. Идора бошлиғига рўйхатни кўрсатиб, қуйидаги саволларга жавоб беришини сўрадим: бу қандай аҳвол? Ахир, ўқитувчиларнинг маошидан ойма-ой газ ва электр энергияси учун маълум сумма ушлаб қолинади. Уларнинг ишлайдиган  оила аъзолари ҳам тўловни амалга оширишади. Бунча қарз қандай пайдо бўлди?

Қарздорлар рўйхати ўша заҳоти мутахассислар иштирокида текширилди. Охирида газ идораси раҳбари “барча ўқитувчилар газ китобчаларини олиб келишсин, ўзим “қарзи йўқ” деб ёзиб, имзо қўяман ва муҳр босиб бераман, токи уларни бошқа безовта қилишмасин”, деди. Шундай қилиб, муаммо қисқа вақт ичида ҳал этилди.

Менга бу каби шикоятлар кўплаб тушади. Уларнинг мавзуси ва йўналиши хилма-хил:  коммунал соҳа ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, суднинг нотўғри қарори, қайсидир мансабдор томонидан тадбиркорнинг тайёр бизнеси тортиб олинганлиги, давлат идораларининг фуқаролар  шикояти ва мурожаатига эътиборсизлиги ва бошқалар.

Афсуски, бу шикоятларнинг ҳаммаси билан шуғулланишга бир ўзимнинг вақтим ҳам, имкониятим ҳам етмайди. Бундан ташқари, аксарият суд, прокуратура ва ундан ҳам юқори ташкилотларга мурожаат қилгач, масаласи ўзи кутганидек ҳал бўлмагандан сўнг менинг ҳузуримга келади. Айрим қонунбузарликлар ортида катта вазифада ишлаётган, халқимиз айгандек, “қўли ҳар нарсага етадиган эркалар” турган бўлади.  Бундай шароитда нима қилишингни билмай қоласан киши. Табиий равишда ўзини-ўзи ҳимоялаш инстинкти ишлаб кетади. Бошқача қилиб айтганда, инсонда мавжуд бўлган табиий қўрқув ҳиссиёти ўзини намоён қилади.

Ҳар бир шахс қачон қонунбузарликларни кўриб жим туролмаслиги, қўрқмасдан уларга қарши чиқиши, ўз ҳақ-ҳуқуқи учун очиқ курашиши мумкин? Бунинг учун фикри ожизимча, жамиятда уч нарса бўлиши лозим. Булар – амалда қонун устуворлигининг мавжудлиги; эркин ва одил суд тизими; кучли фуқаролик жамияти.

Акс ҳолда, одамлар қўрқув ҳиссини бошқалар, хорижлик “хайрхоҳлар” ёрдамида, бошқача усулда енгишга интилиб, ноқонуний йўлга кириб қолишади. “Қўрқиб”, жим-жит юрган араблар, тинч бўлган “маданий халқ” украинларнинг аҳволи бунинг яққол мисолидир.

Худо асрасин... Менга бунақа “инқилоб” керак эмас. Ниятим – ана шу мавзуга атаб мақолалар туркуми ёзиш.


Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий