среда, 18 марта 2015 г.

Солиқ ва бюджет сиёсатидаги янгиликлардан барча хабардорми?

Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармасида 17 март куни бўлиб ўтган солиқчилар ва журналистлар учрашуви 2015 йилда Солиқ кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятига  бағишланди. Ўзбекистоннинг солиқ ва бюджет сиёсатидаги янгиликлар ҳақида журналистларга солиқ бошқармасининг масъул ходимлари батафсил сўзлаб беришди.

Ҳотамбек Шокиров 

               

Учрашувни вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Ҳотамбек Шокиров кириш сўзи билан очди. У солиқ ва бюджет сиёсатида содир бўлаётган ўзгаришлардан аҳолини, яъни солиқ тўловчиларни  хабардор қилишда оммавий ахборот воситаларининг муҳим ўрни борлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Солиқчилар ва  журналистларнинг амалий ҳамкорлигидан бутун жамият манфаат кўришини уқтирди.

Ҳ.Шокировнинг сўзларига қараганда, ҳеч қачон Солиқ кодексига бу йилдагидек кўп ўзгариш ва қўшимчалар киритилмаган эди. Бу йил кодекснинг 46та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу янгиликлардан солиқ тўловчиларни хабардор қилиш мақсадида вилоятда қатор тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, ўттиздан кўпроқ семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилинди, буклетлар тайёрланиб, тарқатилди.
  
Шундан сўнг сўзга чиққан вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим мудири Зубайдилло Раҳмонов Солиқ кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида батафсил гапириб берди. Айниқса, ҳар бир фуқарога дахлдор бўлган жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари ҳамда даромад солиғи хусусида алоҳида тўхталди. Эндиликда даромад солиғини ҳисоблашда энг кам иш ҳақининг бир бараваридаги миқдори чегириб ташланиши муносабати билан ушбу солиқ тури тушуми сезиларли миқдорда камайган.              
                                 
                          
Зубайдилло Раҳмонов 




















З.Раҳмонов шу ҳақда гапираётганда, бошқарма бошлиғи узр сўраб уни тўхтатти-да, журналистлардан юқорида тилга олинган солиқ турларининг моҳиятини аҳолига етказишда ёрдам беришларини сўради. “Масалан, мол-мулк ва ер солиқлари вилоятимизда умумий солиқ тушумининг 2 фоизини ташкил этади, – деди у. – Аммо у билан боғлиқ ташвиш кўп куч ва вақт талаб қилади. Биргалашиб аҳолига бу солиқни уни тўлашнинг охирги муддати – 15 октябр келишини кутиб турмасдан амалга ошириш зарурлигини тушунтиришимиз зарур”.

Зариф Аминов
Вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим мудири Зариф Аминов тизимда жорий этилган замонавий ахборот технологияларининг бераётган ижобий натижалари устида тўхталди. Ушбу ўзгаришларнинг кўзга кўринган ва энг муҳимларидан бири бу солиқ тўловчиларнинг солиқ ва молия ҳисоботларини электрон шаклда топширишларини жорий этилиши бўлди. Бу ҳамда солиқ тўловчиларнинг ягона электрон базасини шакллантириш солиқ ва молиявий ҳисоботларни қабул қилиш ва қайта ишлаш жараёнини автоматлаштириш имконини яратди. Натижада солиқ тўловчиларнинг ҳисобот топшириш учун кетадиган вақти анча камайди.


Солиқ ва молиявий ҳисоботларни интернет орқали солиқ органлирига топшириш учун Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитасининг сайтидаги солиқ тўловчи юридик шахснинг шахсий кабинетига ушбу манзил орқали кириш мумкин: https://hisobot.soliq.uz  


Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий