суббота, 31 октября 2015 г.

Самарқандда маҳаллаларни бирлаштиришга киришилди

Самарқанд шаҳридаги маҳаллаларни бирлаштириш асосида уларнинг 70таси қисқартирилмоқда. Бу шаҳар бўйича ҳар ойда камида 140 миллион сўмни тежаб қолиш имконини беради. Фақат иқтисодий манфаатдорлик орқасидан қувишнинг кўҳна кент учун зарарли оқибати йўқми?

Шаҳарда айни пайтда 219та маҳалла мавжуд. Уларнинг ҳар биридан ойлик маоши олиб ишлаётган тўрт нафар раҳбар, ҳаммаси бўлиб 280 нафар штат бирлиги қисқаради. Агар уларнинг ҳар бири ўртача 500 минг сўмдан маош олаётган бўлса, маҳаллаларни бирлаштириш туфайли бир ойда 140 миллион сўм тежаб қолинади. Маҳаллани бирлаштираётганлар масаланинг фақат шу томонини ўйлаётган бўлишса керак.

Маҳалла оқсоқоллари ва фуқаролар билан суҳбатда бирлаштириш сиёсатидан норозилар мавжудлиги ва уларнинг фикрларини ҳеч ким инобатга олмаётганлигидан хабардор бўлдим. Кўп қаватли уйларда ташкил этилган маҳаллаларни бирлаштириш унча билинмайди. Аммо Эски шаҳарнинг кўп йиллик тарихга эга бўлган маҳаллаларида бу иш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки асрлар давомида бу ерда аҳолининг ҳудудий бирлиги асосида ўзига хос жамоаси шаклланган. Бирлаштириш бу бирликни, у ерда шаклланган ижтимоий алоқаларни бузади.

Бундан ташқариа ҳар бир маҳалла номи топоним сифатида муҳим тарихий аҳамиятга эга. Бирлаштириш улардан айримлари номаларининг йўқолиб кетишига олиб келади. Чунки бундай кейин иккита маҳалладан фақат биттасининг номи сақланиб қолади. Йиллар ўтиши билан қўшилган маҳалла номи тилга олинмаслиги оқибатида ўз-ўзидан ҳамманинг эсидан чиқиб кетади.

Маҳалла оқсоқоллари ўзларини ташвишга солаётган яна бир ҳолатни, маҳаллалар кенгайиб кетиши уларни бошқариш ишини оғирларштиришини тилга олишади. Мавжуд тартиб бўйича маҳаллада оилалар сони 500тадан кам бўлмаслиги лозим. Бирлаштириш натижасида оилалар сони 1000-1500 мингтани ташкил қилади. Маҳалла ҳудудининг кенгайиши ва аҳоли сонининг ошиши уни самарали бошқариш ишини мушкуллаштириб қўяди. Бу айни пайтда, маҳалла олдида жуда катта ва давлат аҳамиятига молик вазифалар қўйилаётган бир шароитда унча ҳам тушуниб бўлмайдиган бир ҳолдир. Маблағ иқтисод қиламан деганларнинг жамиятимизга пул билан ҳисоблаб бўлмайдиган даражадаги зарари етмасин тағин?!

“Ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасида белгилаб қўйилганидек, маҳаллаларни бирлаштириш фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларининг илтимосномалари асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади. Бизда эса шаҳар ҳокимлиги ҳар бир маҳалла оқсоқолидан  маҳалла фуқаролар йиғини кенгашини чақиришни ва унда маҳаллани ҳокимлик белгилаб қўйган бошқа маҳалла билан бирлаштириш масаласини кўриб чиқиб,  розилик билдирилган протокол тақдим этишини талаб қилган.   

Маҳалла оқсоқолларидан бирининг уқтиришича, у ҳокимликка маҳалланинг ўзи катталигини, уни бошқаси билан бирлаштириш мақсадга мувофиқ эмаслигини айтиб, маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши йиғилишининг протоколини олиб борганида, ҳужжатни қабул қилишмаган. Маҳалла розилиги ва тегишли илтимосномаси бўлмаган ҳолда ҳокимлик қандай қарор чиқарар экан?  

Ушбу нозик масалада фақат маблағ тежашни ўйламасдан бирлаштиришнинг ижтимоий оқибатларини, келтириб чиқариши мумкин бўлган бошқа салбий жиҳатларини ҳам инобатга олиш мақсадга мувофиқдир.


Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий