воскресенье, 22 ноября 2015 г.

Академик лицей директорининг ёшлар маънавий тарбиясига етказган зиёнини ҳисоблаш мумкинми?

Самарқанд давлат университети қошидаги 1-Академик лицей 3-босқич ўқувчиларининг 42 нафари лицейга қабул қилинганлиги ҳамда босқичдан босқичга ўтиш ҳақидаги буйруқлари бўлмаган ҳолда бу ерда таҳсил олишмоқда. Бу ҳақда яқинда эълон қилинган мақоламни (http://rtoshpulat.blogspot.com.tr/2015/11/42.html) ўқиганлар, гапларимга ишонмагандай “бизда бундай бўлиши мумкин эмас, бу бир афсонага ўхшайди”, дейишмоқда.

Афсуски, ҳақиқатдан йироқ бўлиб кўринса-да, бу аниқ факт. Икки йил давомида 42 нафар талаба ҳеч қандай асосга эга бўлмасдан, қонунсиз дарсларга қатнашиши, учинчи босқичгача етиб келиши ақлга сиғмайди. Лицейнинг собиқ директори Муҳиддин Абдураҳмонов ишдан кетгандан кейингина унинг сафдошлари юқоридаги фактни Самарқанд вилоят ўрта махсус касб-ҳунар бошқармасига маълум қилишди. Агар бошлиқ бошқа иши бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари эътиборига тушмаганида ва ишдан олинмаганида, 42 нафар ўқувчи эсон-омон ўқишни тугатиб, диплом олармиди? Бундай ноқонуний йўл билан ўқувчиларга лицейни битирганлиги ҳақидаги диплом аввалги йиллар берилмаганми? Ушбу ўқув даргоҳида тегишли текшириш ишларини олиб бориш ва шунга асосан якуний хулоса чиқариш зарурлиги кундек равшан эмасми?

Бу ерда собиқ директор Муҳиддин Абдураҳмоновдан ташқари лицейнинг бошқа раҳбар ходимлари, ўша ўқувчиларга дарс берган педагогларнинг ҳам айби катта деб айтиш мумкин. Нима, улар ноқонуний ўқиб юрган ўқувчилар ҳақида ҳеч нарса билишмасдими? Асло, билишарди. Чунки бу ўқувчиларнинг синов дафтарчаси бўлмаганлиги боис уларнинг имтиҳонларда олган баҳоларини ва синов ҳақидаги қайдларни ўқитувчилар ўз дафтарларида ёзиб боришган. Демак, қонунбузарликни била туриб, жим юришган. Директорнинг ўч олишидан қўрққан.

Куни кеча СамДУда ишлаётган бир танишимни кўрган эдим. У мақоламни ўқиганини ва ундаги фактларни текшириб, айбдорларни жазолаш зарурлигини уқтирди. “Токи бундай ноқонуний йўлга кирганларга дарс бўлсин”, деди у ва айни пайтда Муҳиддин Абдураҳмоновнинг физика факультетида “бемалол дарс бериб юрганини тушуниб бўлмайди” деб, қўшиб қўйди.

42 нафар ўқувчи ўз тақдири нима билан якунланишини кутмоқда. Бу масалага Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги нуқта қўяди. Ўқувчилар ўқишни 3-курсда давом эттириш имкониятига эга бўлиш умидида. Уларнинг ота-оналари ҳам фарзандларининг икки йиллик меҳнати беҳуда кетмасин дея, бўлган воқеада ўқувчиларнинг айби йўқлигини таъкидлашмоқда. Хўш, бўлган воқеада уларнинг, ота-оналарнинг айби йўқми? Нима, улар лицейнинг собиқ директори билан бу ҳақда гаплашмаганми? Қандайдир бир тўхтамга келишмаганми? Нега директор шунча ўқувчини буйруқсиз, яъни давлатдан пул олмасдан, ўқитувчиларга маош тўламасдан ўқитди?  

Собиқ директор ва бу ишга алоқадор бошқа кишилар жазосини олар. Аммо ёшлар тарбиясига етказилган маънавий зарарни ҳисоблаб чиқишнинг имконияти йўқ. Катталарнинг ана шу ноқонуий хатти-ҳаракати ёшлар кўз ўнгида содир бўлди. Шунай экан, тинмай маънавият ҳақида гапирадиган, аммо сўзи ва иши ўзгача бўлган лицей раҳбарлари ва ўқитувчиларининг гапи ёшларга қандай таъсир қилиши мумкин? Тескари таъсир этмайдими?

Ишқилиб, холис текшириш юқорида санаб ўтилган саволларга жавоб топишга ёрдам беради ҳамда келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун айбдорлар тегишли жазосини олади деган ишонч билан ушбу шахсий мулоҳазаларимга нуқта қўймоқчиман.

Тошпўлат Раҳматуллаев




Комментариев нет:

Отправить комментарий