воскресенье, 1 января 2017 г.

Самарқандда санъаткорлар ўзлари учун базм ташкил этишди

                 

Самарқандда тадбиркорлар ва санъаткор хонандалар иштирокида Янги йил базми бўлиб ўтди. Биринчи марта хонандалар тадбир меҳмони эмас, унинг ташкилотчиси, мезбони ва фаол иштирокчилари бўлишди. Уларнинг даврасига санъат шайдолари бўлмиш тадбиркорлар  ҳам қатнашиб, даврани гаштак деб номлашни маъқул кўришди.


Биз санъат аҳлининг турли тадбирларда ҳозиру нозир бўлиб хизмат қилишларига ўрганиб қолганмиз. Уларнинг ҳар бири ўзига белгиланган вазифани бажаргандан сўнг, яъни қўшиқ ёки рақс ижро этгач, одатда даврани тарк этади. Ўзи хизматда бўлиб, бошқаларга қувонч улашади. Ҳар доим аҳвол шу эди.

Бу анъанани бузиб, санъаткорлар ўзлари учун ажойиб базм ташкил этишди. Олдиндан тузилган режага биноан ҳар бир хонанда битта қўшиқ ижро этиш билан чекланадиган бўлди. Натижада тўпланганлардан аксариятининг ўз касбдошлари ҳузурида чиқишига имкон яратилди.

Шуниси диққатга сазоварки, фақат профессионал хонандалар эмас, балки тадбиркорлар орасидан чиққан ҳаваскорлар ҳам саҳнага кўтарилиб, ўз маҳоратларини намойиш этишди. Масалан, улардан бири ҳунарманд, мусиқа асбоблар ясовчи уста Раббим Ўлмасов эди. У  нафақат тор ва бошқа асбоблар ясашга, балки қўшиқлар ижро этишда ҳам уста эканлигини кўрсатди.  
                              
Шу куни турли ёшдаги хонандалар саҳнага таклиф этилди. Улар орасида деярли 40 йил давомида фаолият юргизиб келаётган Фозил Очилов раҳбарлигидаги Самарқанд туман “Шашмақом” халқ ансамблидан тортиб, ёш ижрочилар республика танловининг ғолиби Далер Садовгача бор эди. Тошкентдан махсус келган Ўзбекистон маданият ва санъат инстиутинниг ўқитувчиси, Зулфия номидаги давлат мукофоти лауреати, мумтоз қўшиқларнинг моҳир ижрочиси Зулфия Рашидова ўз чиқиши билан даврага алоҳида шукуҳ  бағишлади.
                         
Янги йил базмини юқори савияда ташкил этишда жонбозлик кўрсатган санъаткор Жамшед Ахмедовнинг таъкидлашича, шу куни даврага 150 нафарга яқин хонанда ва тадбиркор тўпланди. “Бундай учрашувлар бизга фақат ҳордиқ чиқариш воситаси бўлиб хизмат қилмасдан, ўртамиздаги муносабатларни яхшилашга, бир-биримизнинг ижодимиз билан яқиндан танишиб боришимизга ёрдам беради”, – дейди Ж.Ахмедов.   

Ўз ҳаёт йўлини санъатда бошлаган ва кейинчалик тадбиркорликка ўтган Алишер Баёнов биз билан суҳбатда учрашувнинг ташкилий жиҳатлари унга маъқул бўлганлигини қайд этди. Унинг фикрича, айрим тадбирларда бўлганлиги каби кўп гапирилмади, балки ҳамма эътибор мусиқага, қўшиққа қаратилди ва бу тўпланганларга жуда хуш келди.
                               
Дарҳақиқат, фақат тадбирнинг аввалида Самарқандда шаклланган ўзига хос ижрочилик мактаби ҳақида сўз юритилди. Ташкилотчилар таклифи билан учрашувни санъат ихлосмандларидан бири, кўпчилик хонандаларни яхши таниган ва билган Баҳодур Раҳматуллаев очди ҳамда кекса ижрочилару кўплаб шогирдларга устозлик қилган мураббийларни саҳнага таклиф қилди.

Даврага кўрк бағишлаб турганлар орасида 56 йилдан бери санъат йўналишидаги махсус ўқув юртида (ҳозирги Санъат коллежи) таълим бериб келаётган Олимбой Раҳмонов, СамДУда мусиқадан ёшларга сабоқ бераётган устоз ва бастакор Равшан Ҳамроқуловларнинг борлиги диққатга сазовордир. Бу ташкилотчилар диққатидан ҳеч ким четда қолмаганлигидан далолат беради.
                         
Учрашувда ҳозир бўлганлар тез-тез дийдор кўриб туриш фойдадан холи эмаслигини билдиришди. Тадбир аввалида уни гаштак деб аталиши бежиз бўлмаса керак. Чунки гаштак бир марта бўлиб ўтадиган тадбир эмас. Унинг ўзига хос қоидалари бор. Энди янги ўтиришни бошқа ташкилотчилар худди шундай ёки ундан ҳам зиёда қилиб ўтказиши керак.


Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий