среда, 10 мая 2017 г.

Профессор Мавлон Жўрақуловнинг 85 йиллиги нишонланди

Бугун Самарқандда таниқли олим, тарих фанлари доктори, профессор Мавлон Жўрақуловнинг 85 ёшга тўлганлиги муносабати билан тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. СамДУнинг мажлислар залида шаҳар жамоатчилиги тўпланди. Юбилар шаънига кўп ва хўп ажойиб сўзлар айтилди.


Юбилей тадбири одатда бизда кузатиладиганидек, мадҳиябозликдан иборат мажлисга айланиб кетмади. Домланинг ҳаёт йўли ҳақида қисқача маърузадан сўнг СамДУ ректори профессор Рустам Холмуродов Мавлон Жўрақуловичнинг университет ҳаётида тутган ўрни, ҳозирги кунда ҳам тиниб-тинчимас устоз сифатида қилаётган саъй-ҳаракатлари ҳақида сўз юритди.

Шундан сўнг домлани яхши билган, у киши билан бирга ишлаган сафдошлари, шогирдлари сўз олиб, минбарга чиқишди. Олдиндан тайёрланган рўйхат йўқ эди, ким хоҳласа, ўрнидан туриб минбар томон ошиқарди. Шу сабабли тадбир давомида қоғозда ёзилган қуруқ гап-сўз эмас, дил сўзлари айтилди. Буни, алабатта, ортиқча дабдабаларни хуш кўрмайдиган домланинг ўзлари хоҳлаган эди.

Юбилей тадбири профессор Мавлон Жўрақуловдан кўра бошқалар зарурроқ, хусусан ёшлари учун сабоқ бўларли аҳамият касб этишини уқтириб ўтмоқчи эди. Чунки бу ёшдаги инсонга шунчалик иззат-ҳурмат кўрсатилишини кўрганлар бу бежиз эмаслигини англаши турган гап. Доимо эзгулик фикри билан яшаган, ўзгалар дардига малҳам бўлганлар ана шундай эъзозланишини ҳар бир киши билиб қўйиши муҳим.
  


Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий