воскресенье, 7 мая 2017 г.

Профессор Жўрақулов: “Юртимиз – инсоният тамаддуни шаклланган ҳудуд”

Бундан юз йилча олдин айрим хорижлик олимлар Ўрта Осиёни одамзод вужудга келиб, ривожланган ҳудудлар қаторига киритиб бўлмаслигини даъво қилишарди. Уларнинг фикрича, бу ернинг географик жойланиши, табиий шароити, иқлими ибтидоий одамлар шаклланишига имкон бериши мумкин эмас экан. Аммо қатор археолог ва тарихчиларимизнинг тадқиқотлари бу фикрнинг илмий асосга эга эмаслигини исботлади. Ана шундай забардаст олимлардан бири тарих фанлари доктори, профессор Мавлон Жўрақуловдир.



Профессор М. Жўрақулов ўзиниг кўп йиллик самарали илмий изланишлари натижасида Зарафшон воҳасининг маданияти автохтон характерга эга эканлигини исботлади. Қадимги юнон тилидан олинган “автохтон” сўзи “маҳаллий”, “ерли”, яъни шу жойнинг ўзида шаклланган, бошқа жойдан кириб келмаган деган маънони англатади. 

Нимага асосланиб олим ушбу хулосага келди? “Самарқанд ва унинг атрофида олиб борилган археологик изланишлар натижасида қадимги тош асридан тортиб ўрта асрларгача бўлган обидаларнинг топилганлиги ўлкамиз инсон шаклланган ҳудудлардан бири эканлигини кўрсатмоқда”, – дейди профессор Мавлон Жўрақулов. Дарҳақиқат, олим ва унинг шогирдлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар ўлкамизда тараққий этган қадимги ва ўрта аср шаҳарлари қаердандир, ўз-ўзидан пайдо бўлмаганлигини, улар узоқ тарихий илдизларга эга бўлиб, тадрижий ривожланишнинг натижаси эканлигини исботламоқда.   

Самарқанд вилояти ҳудудида қадимги тош асрининг турли босқичларига оид ёдгорликлар аниқланган. Уларни тадқиқ этишда профессор М. Жўрақуловнинг устози таниқли археолог олим Давид Левнинг катта ҳиссаси бор. Омонқўтонга ҳордиқ чиқариш ёки сайр қилиш учун борганларга маҳаллий аҳоли “Лев ғорини” кўришни тавсия этишади. Аксарият ғорда бир замонлар шерлар макон қурган экан, номи шундан қолган бўлса керак, деб ўйлайди (улар “лев” сўзи русчадан “шер”ни англатишини билишади). Ваҳоланки, ғор уни ўрганган олим фамилияси билан шундай аталади.

Ана шу ғорда ўрта тош асрида яшаган одамлар фаолиятидан дарак берувчи ашёвий далиллар топилган. Ундан кейинги – юқори тош асрига оид Марказий Осиёдаги энг йирик ёдгорлик Самарқанд шаҳри ҳудудида аниқланган бўлиб, уни ўрганиш борасида профессор М. Жўрақулов кўп йиллар давомида самарали тадқиқотлар олиб борди. У ибтидоий одамларнинг ушбу манзилида олиб борган илмий изланишлар якуни сифатида алоҳида монография ёзиб, чоп эттирди. Марказий Осиё юқори палеолити билан қизиқадиган ҳар бир олимнинг ушбу монографияга мурожаат қилиши одатий ҳолга айланган.

Тош асрининг кейинги даврларига оид ёдгорликлар ҳам вилоят ҳудудида анчагина аниқланган. Жумладан, Сазағон неолит манзилгоҳи олим ва унинг шогирдлари томонидан чуқур ўрганилди ва унда моддий маданият тарихимизни янда бойитиш учун хизмат қилишга қаратилган далиллар топилди. Бу топилмалар фан учун, юртимизнинг обрў-эътиборини юксалиши учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки “неолит инқилоби” деган тушунча мавжуд. Бу билан ана шу даврда инсоният тарихида улкан ўзгаришлар содир бўлганлиги тан олинади. Аслида ҳам шундай. Чунки неолит даврига келиб, одамлар хўжалик юритишнинг дастлабки тури – термачиликдан, яъни табиатнинг тайёр инъомларини истеъмол қилишга қаратилган балиқчилик ва овчиликдан ишлаб чиқарувчи хўжалик турига ўтиб, деҳқончилик, чорвачилик ва қисман ҳунармандчилик билан шуғуллана бошлаган.

Профессор М. Жўрақуловнинг изланишлари Самарқанд шаҳри бўш жойда пайдо бўлмасдан, унинг вужудга келиши чуқур тарихий илдизларга эга эканлигини кўрсатди. Чунки шаҳар ҳудудида ибтидоий даврга оид бир қатор ёдгорликлар аниқланган. Самарқанднинг қадимги шаҳарчаси бўлган Афросиёбнинг ён бағрида ўрта тош асрига оид меҳнат қуроллари топилган. “Ушбу далил бундан тахминан 80 минг йил аввал бу ерда одамлар яшаганлигини кўрсатмоқда, – дейди арехолог олим, СамДУ доценти Нона Аванесова. – Мен ўзим Афросиёбда бронза асрига оид манзилгоҳ аниқлаганман. Буларнинг ҳаммаси бу ерда ривожланиш босқичма-босқич, тадрижий равишда амалга ошганлигидан далолат бермоқда”.   

Профессор М. Жўрақуловнинг илмий соҳадаги ишлари ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Ўзининг 85 ёшини қаршилаётган олимнинг серқирра фаолияти, жумладан  раҳбарлик вазифаларида қилган ишлари хусусида ҳамда инсонийлик фазилатлари ҳақида ҳам илиқ сўзлар айтиш мумкин. Домла 12 йил СамДУ тарих факультети декани, икки йил университетнинг биринчи проректори, беш йил университет ректори лавозимларида ишлади.

“Устозимиз раҳбарлиги даврида университетда ўқув ва илмий-тадқиқот ишлари юқори савияга кўратилди, – дейди домланинг шогирдларидан бири доцент Беҳзод Тўрақулов. – Лекин мен у кишининг инсонийлик фазилатлари ҳақида алоҳида сўз юритмоқчи эдим. Мавлон Жўрақулович ўта меҳрибонлик ва самимийликлари билан ном чиқарган устозлардан. У кишидан олган сабоқларим менинг кундалик  ҳаётимда катта аҳамият касб этмоқда”.

Шу кунларда мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни нишонланмоқда. Биз, домланинг миннатдор шогирдлари, узтозимизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз. Умрингиз зиёда бўлсин, устоз!

Тошпўлат Раҳматуллаев

“Новости Узбекистана”, “Фан ва технология” бўлими, 07 май 2017 йил








“Новости Узбекистана”, “Фан ва технология” бўлими, 07 май 2017 йил

Комментариев нет:

Отправить комментарий