понедельник, 19 июня 2017 г.

Шаҳрисабзни йирик туристик марказга айлантириш йўлида



 Қашқадарёда туризмнинг турли йўналишларини ривожлантиришнинг истиқболлари қандай? Соҳани тараққий эттириш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда? Ўзбекистоннинг дунёда тан олинган туристик марказлари тажрибасига таянган ҳолда бу йўлда яна нималар қилиш мумкин? Бу ва шу каби саволларга ўтган ҳафта Шаҳрисабзда ўтказилган инфотур давомида жавоб беришга ҳаракат қилинди.

Инфотур доирасида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ўтказилди, журналистлар “Чорсу” миллий ҳунармандчилик галереяси очилиш маросимида қатнашиб, либослар кўргазмаси тадбирида иштирок этишди.
Матбуот анжуманида Шаҳрисабз тумани ҳокими Исмат Нусуров, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Темур Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ваколатли вакили Отабек Олимжонов қатнашдилар.
И.Нусуровнинг таъкидлашича, Шаҳрисабзда 65та маданий мерос ёдгорликлари мавжуд бўлиб, улардан 27таси архитектура, 33таси археология ва 5таси монументал санъат ёдгорлигидир. Туман ҳокими шаҳар тарихий марказида кейинги йилларда олиб борилган ишлар ҳақида гапирар экан, барпо этилган Амир Темур хиёбони хусусида анчагина ижобий фикрлар билдирди.
Олий Мажлиснинг қарори асосида Шаҳрисабз туманга бўйсунувчи шаҳардан вилоят тасарруфидаги шаҳар даражасига ўтди. “Бундан асосий мақсад туристларга хизмат кўрсатиш инфратузилмасини замон талаби даражасига кўтаришдан иборат, – деди И.Нусуров. – Айни пайтда шаҳарда иккита меҳмонхона, 30та ресторан, учта туроператор мавжуд. Яқин орада яна иккита меҳмонхона қурилади”.
Маълумотларга қараганда, ўтган йили Шаҳрисабзга 11 минг нафардан кўпроқ хорижлик сайёҳ келган экан. Жорий йилда бу кўрсатгичнинг икки баробарга кўпайиши кутилмоқда. Фақат шу йилнинг ўтган беш ойида уларнинг сони етти минг нафарга етган. Ички туризм масаласига келсак, уни ривожлантириш учун бу ерда барча имкониятлар мавжуд. Ўтган йили мамлакатимизнинг турли гўшаларидан Шаҳрисабзга келиб кетганлар сони 40 минг кишини такшил этган бўлса, бу йил мезбонлар 100 минг нафар сайёҳга хизмат кўрсатишни ният қилишмоқда.
Туман ҳокими туризмни ривожлантириш, уни сердаромад соҳага айлантириш учун янгича концепция асосида ишни ташкил қилиш режалаштирилганлигини уқтирди. “Шу вақтгача чет эллик туристлар Шаҳрисабзга Самарқанд ва Бухоро орқали келиб, ёдгорликларни кўриб бўлгач, орқага қайтишган бўлса, эндиги вазифа уларни бу ерда ушлаб туришдан иборат”, – деди жумладан туман раҳбари. Бунинг учун керакли шароит яратиш лозим. Шу сабабли туристлар эрталаб шаҳардаги ёдгорликлар билан танишгач, куннинг иссиғида ҳордиқ чиқаришлари учун тоғолди ҳудудларида дам олиш масканлари барпо қилинади. Кечқурун эса Оқсаройда ўрнатилган саҳнада меҳмонлар учун ҳар хил томошалар намойиш этилади.
О.Олимжонов ўз чиқишида Қашқадарё вилоятининг туристик салоҳияти ҳақида сўз юритди. Вилоятда 1311та ёдгорлик мавжуд. Меҳмонларга 32та меҳмонхона, 10та туристик фирма хизмат қилмоқда. Унинг сўзларига қараганда, шу йилнинг апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтган “Дам олиш дунёси” 5-халқаро ўзбек туризм кўргазмасида Шаҳрисабз брендига катта эътибор қаратилди, бир қатор хорижий турфирмалар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилди, шартномалар тузилди.
Туристлар оқимини кўпайтириш учун вилоятда талайгина ишларни амалга ошириш мўлжалланган. Жумладан, август ойида “Қашқадарё – ҳунармандлар маскани” фестивали ўтказилади. Шаҳрисабзда миллий ҳунармандчилик галереяси очилади. Ушбу шаҳар марказида театрлаштирилган томошалар ташкил этилади, Китоб туманида йил давомида улоқ-кўпкари мусобақалари ўтказилади. Туристлар учун ахборот марказлари фаолияти йўлга қўйилади. Уларга мўлжалланган маршрутлар схемаси, ёдгорликлар ҳақида буклетлар тайёрлаш режалаштирилган. Туризмнинг маданий-тарихий йўналиши билан чекланиб қолмасдан, унинг бошқа турларини ҳам ривожлантириш устида иш олиб борилмоқда.
Ана шу янги йўналишлар қаторига экстремал туризм, спелеотуризм (ғор туризми), илмий туризм, экотуризм, тоғ туризми, соғломлаштириш туризми, гастрономик туризм ва бошқалар киради. Экстремал туризм бўйича Муборак туманидаги чўллардан квадроциклларда тоғ ёнбағри ҳудудларида ташкил этиладиган дам олиш масканларигача саёҳат уюштириш режалаштирилган.
Шаҳрисабзга қилган сафаримиз давомида 20дан ортиқ ёргорликларни ўз ичига олган шаҳар тарихий марказини пиёда айланиб чиқдик. Марказ атрофида икки қаватли коттежлар диққатимизни тортди. Маълум бўлишича, уларнинг биринчи қаватида ҳунармардчилик марказлари, иккинчи қаватида уй-меҳмонхона ўрин олган. Келажакда уй-меҳмонхоналарни кўпайтириш кўзда тутилган.
 Шу куни кечқурун “Чорсу” миллий ҳунармандчилик галереяси очилиш маросими бўлиб ўтди. Бундан кейин галереяда ҳунармандлар ва рассомларга улар яратган асарларини намойиш этиш учун кенг имкониятлар аратилади. Очилиш маросимида қатнашганлар маҳаллий ҳунармандлар ва рассомлар ижод маҳсули билан яқиндан танишиш ва уларнинг муаллифлари билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлдилар.
Рассом ва меъмор Азиз Аҳмедов Оқсаройнинг икки метрли макетини намойиш этди. Макетнинг масштаби 1х30га тенг. У чиройли ва сифатли қилиб тайёрланган. Бу ерда қўйилган ҳунармандчилик маҳсулотлари ўзига хослиги билан, уларни тайёрлашда анъанавий тарзда қизил рангли матолардан кенг фойдаланилганлиги билан ажралиб туради.
Мезбонлар инфотур қатнашчиларини яна бир ажойиб тадбир билан хушнуд этишди. “Коба” корвонсаройида либослар кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда замонавий ва миллий либослар намойиш этилди. Либослар “Rano collection”, “Buduar”, Беҳзод Саидов ва Дилором Умарова томонидан яратилган бўлиб, тақинчоқларни “FF collection” бренди тақдим этган. Кўргазмада тўпланганлар айниқса Д.Умарованинг миллий либосларини олқишлар билан қарши олдилар.
Умуман олганда, Шаҳрисабзнинг туристик имкониятларини кўрсатишга бағишланган инфотур ва у билан боғлиқ тадбирлар келажакда ташкилотчилар кутаётган натижаларни беришига умид билдириб қоламиз. Ўзбекистонимизнинг туристик салоҳияти ҳақида гап кетганда, бундай кейин Самарқанд, Бухоро, Хива қаторида Шаҳрисабз ҳам қайд этилиши одат тусига киришини тилаймиз. Фақат бунинг учун ҳали анча тер тўкиш лозимлигини юқорида санаб ўтилган тадбирларни ташкил этилишидаги айрим муаммолар кўрсатиб турибди.
Тадбирларни юқори савияда ташкил этишга қодир жамоа тўла шаклланмаган. Натижада ташкилий ишларда камчиликлар кўзга ташланиб турди. Масалан, журналистлар учун оддийгина пресс-релиз тайёрланмаган, куннинг иккинчи ярмида уй-меҳмонхоналар билан таништириш режалаштирилган эди, аммо ташкил этилмади. Бу ва бошқа камчиликларга йўл қўймаслик учун, албатта, кадрлар муаммосини ҳал этмоқ зурур.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

“Туризм” газетаси, 15 июнь 2017 йил, №13






Комментариев нет:

Отправить комментарий