вторник, 5 декабря 2017 г.

Самарқандда қабристонларни ободонлаштиришга эътибор кучайтирилди, аммо ҳали қилинадиган ишлар бисёр

Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг ташаббуси билан қабристонларни ободонлаштириш ишларига, уларни керакли жиҳозлар билан таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Шаҳардаги мавжуд 40та қабристонга 68 млн. сўмга янги жиҳозлар олиб берилди ва айримларининг атрофини девор билан ўраб олиш ишларига ҳам каттагина маблағ сарф қилинди. 

Шаҳар ҳудудидаги қабристонларнинг умумий ер майдони 234 гектарни ташкил этади. Қабристонлардан 31тасида мусулмонлар, учтасида христианлар, иккитасида яҳудийлар, биттасида ҳарбийлар дафн этилади. Яна учта турли миллат ва эътиқодга мансуб майитлар кўмилган қабристон мавжуд. Уларда бир нафар бригадир, 27 нафар назоратчи ва 71 нафар қоровул хизмат қилмоқда. 

Ободонлаштириш бошқармасининг қабристонларни сақлаш участкаси бригадири Бобиржон Алиевнинг сўзларига қараганда, жорий йил мобайнида қабристонлар 40та янги тобут ва 21 номдаги кетмон, белкурак, ўроқ каби 840 дона иш қуроллари билан таъминланди. “Кўп йиллар ичида қабристонларга бунчалик ёрдам кўрсатилмаган эди. Жиҳозлар учун шаҳар бюжетидан 50 млн. сўм ажратилди. Қолган 18 млн. сўмини биз ўзимиз аҳолига кўрсатиладиган хизматдан тушадиган маблағ ҳисобидан қопладик”, – дейди Б.Алиев. 

Бир қатор қабристонлар, айниқса аҳоли хонадонларига туташ жойлашганларининг атрофи девор билан ўраб олинди.
Масалан, “Хўжа Исҳоқи Валий”қабристонида 64 метр, “Янги равот”да 200 метр, “Шахимозор”да 102 метр, “Биродарлик”да 65 метр девор бунёд этилди. Дунёга машҳур Шоҳизанда мажмауси билан ёнма ён жойлашган Бухоро яҳудийлари қабристонининг 200 метр девори қайтадан тикланди. Ушбу қабристоннинг Афросиёб шаҳарчаси билан туташ қисмида қадимий қалъалар деворига ўхшаган девор қурилиши учун 200 млн. сўм ажратилган.

“Еттигўр” қабристони қоровули Салим Орипов уқтиришича, бундан икки ой аввал шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ва унинг таркибига кирувчи тузилма ишчи-ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган эди. “Унда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов қабристонларни обод қилиш хайрли ва савоб ишлардан эканлигини ва бу ишга барча бирдек киришиши муҳимлигини айтган эди, – дейди суҳбатдошим. – У киши ўшанда 40та қабристон учун 40та тобут ясаб берилиши ва керакли жиҳозлар сотиб олиниши ҳақида сўз юритган эди. Яқинда ана шу сўзларнинг амалий исботига гувоҳ бўлдик”.

С.Орипов, шунингдек, кейинги 30 йил давомида қабристонларда амалга оширилаётган ишлардан хабардор эканлигини, аммо ҳеч қачон уларга, уларнинг моддий таъминоти масаласига бунчалик эътибор қаратилмаганлигини таъкидлади. Унинг сўзларига қараганда, юқорида тилга олинган йиғилишда “Еттигўр” қабристони ёнидаги йўлга асфальт ётқизиш масаласи кўтарилган эди ва у яқин кунларда бу муаммо ҳам ҳал этилишига ишонч билдирди. 

Албатта, қабристонларни обод этиш учун ҳали катта ишларни амалга ошириш керак. Маҳаллий давлат органи бу ишда ўрнак бўлган экан, биз, фуқаролар ҳам қараб турмасдан, бу ишга камарбаста бўлсак, мақсадга мувофиқ бўларди. 


Тошпўлат Раҳматуллаев


Сайт «Новости Узбекистана», «Ўзбекистон» бўлими, 04.12.2017

Комментариев нет:

Отправить комментарий