пятница, 9 февраля 2018 г.

Ё маддоҳликни йиғиштир ёки бошқа касбни танла!


Кейинги ойларда айрим ҳокимларнинг қўл остида ишлаётган ходимларни ва ҳатто бутун бошли бир туман аҳолисини камситгани, ҳақорат қилганлиги орқасида журналистикамиздаги камчиликлар, ўзини журналист, зиёли деб ҳисоблаб келаётган ижодкорларнинг асл башараси ошкор бўлдию қолди.


Аксарият касбдошларнинг журналстика назариясидан узоқлиги, журфакда ўқиган бўлса-да, ушбу йўналишни етарлича уқиб олмаганлиги, жумладан, шахсий ҳаёт, оддий фуқаро ва давлат ёки жамоат арбобининг шахсий ҳаёти, ижтимоий манфаат, ижтимоий фаолият  каби тушунчалар ҳақида аниқ бир тасаввури йўқлиги оқибатида бутун соҳани ерга уриб юборди. Улар  орасида нафақат шу кунгача кўпчиликка маълум бўлмаган ижодкорлар, балки тажрибали шоирлар, “хизмат кўрсатган журналист” ва бошқалар борлиги жуда ачинарлидир.

Кўпчилик юртдошларимиз бундайларнинг касалига тўғри диагноз қўйиб, уларни маддоҳ деб атади. Дарҳақиқат шундай. Маддоҳ шундай жонзотки, фақат амалдорга ёки пулдорга ёқишга интилади. У ҳеч қачон ўз фикрига эга бўлмайди. Маддоҳ ижодкорнинг ҳар бир ҳаракати замирида манфаат ётади. У узоқни кўзлаб, айтган ҳар бир сўзига, ёзган ҳар бир сатрига қанча ақча тушишини чамалаган ҳолда ишлайди.

Аслида бундайларнинг пайдо бўлиб, илдиз отиб кетишига мансаб курсисидаги амалдорларнинг ҳам айби катта. Агар улар лаганбардорнинг томирига вақтида болта урганда, уларнинг пайи қирқиларди. Амалда мансаб курсисига  ўтириб олган маънавияти суст, бошқарув илмини ўзлаштирмаган ва ўзини ҳокими мутлақ деб тушунадиганлар ҳақиқатгўйни жон-жаҳдлари билан жиловлашга интилишади, уни бетгачопар деб сарсону саргардон қилишади.

Хушамадгўйни эса содиқ билиб, кўкларга кўтаришади. Амалдор  бундайлар унинг остига чуқур қазиб, уни ҳалокатга яқинлаштираётганлигини ўз вақтида англамайди, англаб етганидан кейин эса кеч бўлганини сезиб, бошини деворга уради, аммо фойдаси бўлмайди. Ҳазрат Алишер Навоий айтиб ўтгандек,  «душман фирибин ема ва маддоҳ хушомадин чин дема».

Бўлиб ўтган воқелар ва уларга билдирётган фикрлар бизга ялтоқланишни иснод деб биладиган журналисту бош муҳаррирлар зарурлигини яққол намоён этди. Ёвузликни кўра била туриб, унга қарши чиқмаслик жамоатчилик томонидан инсон шаънини ерга урувчи, уни камситуви хислат сифатда баҳоланиши лозим.

Сиёсий арбоблар, давлат идораларининг ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажараётганда,  улар фаолиятини муҳокама этиш жамият манфаатига хизмат қилади. Масалан, бундай шахсларнинг оладиган даромадию ҳаёт тарзини, оммавий чиқишларда айтадиган сўзлари билан амалий хатти-ҳаракатию кўпчилик олдида ўзини тутишини таққослаб, фикр билдирилса бу уларнинг шахсий ҳаётига аралашиш бўлмайди. Аммо оддий фуқаролар ҳаётининг бу томонларини тилга олиш, кўпчиликка ошкор этиш мумкин эмас.  

Халқаро тажрибада шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳимоя этиш турли даражада амалга оширилади. Оддий фуқароларга нисбатан давлат ва жамоат арбобларининг  шахсий ҳаётига қизиқиш катта эканлигини уларнинг ўзлари ҳам англаб,  бардошлироқ бўлишлари лозим. Журналистлардан эса шахсий ҳаётни ҳимоя этиш ҳуқуқи билан сўз эркинлиги ўртасида мувозатни сақлашлари зурурлиги талаб этилади.

Амалдорнинг ўз хонадони ичида,  уйидаги шахсий ҳаётига аралашиш мумкин эмас. Аммо жамият манфаатига қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракати ошкор этилиши, унинг атрофида фикр юритилиши нафақат мумкин, балки ўта зарурдир. У ахлоқ-одоб қоидаларини бузган бўлса, шунга яраша жавоб бериши, агарда қонунбузарлик қилган бўлса, суд олдида жавоб бериши керак.

Юқорида баён этилганлардан хулоса шуки, ҳокимнинг ҳақоратли сўзларини оммага ошкор қилинганлигини уларнинг шахсий ҳаётига дахл қилиниши сифатида баҳолаш бу ўта нотўғри ва маддоҳизм анқиб турган ҳаракатдир. Ҳоким қўл остидаларга ёки ўзи раҳбар бўлган ҳудуд аҳолисига ҳукмини (зулмини) ўтказиш учун қўйилган якка ҳукмдор эмас. У аслида менежер, иш бошқарувчидир. Халқ маблағи ҳисобидан давлат унга маош бериб, маълум ваколатларни топширган. У ана шу халқ хизматчиси сифатида мавжуд қонунчиликка таяниб, ана шу қонунлар ва конституция доирасида, раҳбар этикасига амал қилиб, ўз зиммасидаги вазифаларни бажариши лозим. Ушбу талаблардан четга чиқиши эса халқ ва давлат манфаатларига зид ҳаракат сифатида талқин этилиши ва шунга муносиб баҳоланиши керак.   

 Оммавий ахборот воситалари амалдорнинг  шахсий ҳаётини ёритиш пайтида бу иш жамият манфаатларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқдами ёки бу оддий бир қизиқишми деган саволга жавоб беришлари керак. Агар ушбу ахборот ижтимоий аҳамиятга эга бўлиб, муҳокама этилётган муаммога дахлдор бўлса, ундан фойдаланиш зарур. Акс ҳолда бундай маълумотни тарқатишнинг ҳожати йўқ.  

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси ва Жиноят кодекси шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи нормалар мавжуд. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг янги 46-1 моддасига кўра, шахснинг уни шахсий ёки оилавий сири бўлган хусусий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни, унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробаридан 40 баробаригача бўлган жарима белгиланишига сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 141-1 моддасида бундай хатти-ҳаракатларни маъмурий жазо берилгандан сўнг ҳам амалга ошириш энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробаридан 100 баробаригача бўлган жарима билан ёки 2 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача қамоқ билан жазоланаши белгилаб қўйилган.

Гувоҳи бўлганингиздек, бу ерда умумий тарзда шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳақида сўз бормоқда. Аслида, қонунчилигимизда шахсий ҳаёт нима, оддий фуқаро билан давлат ёки жамоат арбобининг, мансаб курсисида ўтирган амалдорнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни ошкор қилишда қандай фарқ бўлиши мумкинлиги аниқ акс этилиши лозим.

Умуман олганда, журналистикамизнинг ҳозирги аянчли аҳволга тушиб қолишига, маддоҳликнинг кучайиб кетишига қатор сабаблар мавжуд. Булар, назаримда, кадрлар тайёрлаш тизимидаги ўзибўларчилик (ўзи журналист, шу соҳада докторлик диссертацияси ёқлаган бир танишим айтганидек, умрида дурустроқ мақола ёзмаган ҳам журналистика бўйича дарс ўтмоқда ёки интернетдан саводи бўлмаган ҳолда – шу йўналишда “домла”), жамиятда ва давлат миқёсида ҳақ сўзнинг қадри тушиб кетганлиги, тўғрисўз, ҳақгўй ижодкорлар атрофида носоғлом муҳитнинг яратилиши, аксинча қорани ҳам оқ қилиб кўрсатадиганларни қўллаш, бундайларни мукофотлаш каби кўблаб камчиликлардир.

Ватанимиз келажагига бефарқ бўлмаган азиз касбдошлар,  ана шу ва бошқа муаммоларни очиқ муҳокама қилсак, вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун биргаликда интилсак, таклифларни ўртага ташласак, балки мурод ҳосил бўлар?!

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ  

“Новости Узбекистана” сайти, “Жамоатчилик” бўлими, 09.02.2018

Комментариев нет:

Отправить комментарий